Дунёда ҳар дақиқада бир бола очликдан нобуд бўлмоқда – Эрдўғон

Курраи заминдаги адолатсизликлар, уруш ва зиддиятларни бартараф этиш учун янги халқаро тартиб лозим. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анталия дипломатик форумидаги маърузасида гапирди.
Сиёсатчи дунё бўйлаб кузатилаётган тенгсизлик ва табақаланишни танқид қилди.
«Бир томонда иқтисодиёт нашъа намо топмоқда, осмонўпар бинолар қад ростламоқда, айрим одамларнинг чўнтаги қаппайиб, баъзи давлатлар кун сайин бойиб бормоқда. Сирасини айтганда, статистика дунё ривожланаётганидан далолат бермоқда. Афсуски, иккинчи томонда кўз олдимизда болалар очликка маҳкум. Очлик вируси дунё бўйича коронавирусдан ҳам кўпроқ инсон ҳаётига зомин бўлаётир. Бугун дунёда ҳар 10 сонияда бир бола нобуд бўлмоқда, сабаб – бир бурда нон, бир қултум сув топилмаётир», – деди Эрдўғон.
Туркия етакчиси сайёрамиз бўйлаб қочқинлар сони шиддат билан ўсиб бораётганини хавотирли ҳол ўлароқ баҳолади.
«2014 йилдан ҳозирга қадар Ўртаер денгизи сувлари умид ва илинж ила йўлга чиққан 25 минг инсоннинг мозорига айланди. Сўнгги 10 йилда жаҳон бўйича қочқинлар сони икки бараварга ортиб, 85 миллион нафарга етди. Сўнгги ўн беш кунда улар сафига 2 миллион украиналик қочқинлар қўшилди. Бошпанасини тарк этганлар сони яна ошиши кутилмоқда», – деди у.
Қайд этилишича, адолатсизликлар сабаб инсониятнинг салмоқли қисми муносиб ҳаёт кечириш имконидан мосуво бўлган.
«Айни пайтда кунига 2 доллардан камроқ даромад топаётган 1 миллиард инсон жон сақлаш учун беаёв курашмоқда. Бу рақамлар биз рўбарў келаётган адолатсизликлар кўламини тасаввур қилиш учун кифоя қилса керак. Эътиборга молик жиҳати, бу рақамлар ортида муносиб ва хавфсиз ҳаёт кечиришга ҳақли жонли хилқат – ота-она, ака-укалар турибди. Таассуфки, биз ёш болалар умидсизликдан ниҳол каби қовжираётган, 800 миллион киши бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан маҳрум этилган, ҳар куни юз миллионлаб одам оч-наҳор ҳолда уйқуга кетаётган дунёда яшамоқдамиз», – дея эҳтиросли мулоҳазалари билан бўлишди нотиқ.
Турли минтақаларда авж олган қирғинбаротлар, урушлар бутун дунё тинчлигига рахна солмоқда, таъбир жоиз бўлса, Ер сайёраси киприкдаги ёшдек қалқиб турибди. Туркия раҳбари ўз нутқида дунёнинг бирор бир давлати урушларнинг менга дахли йўқ дея олмаслигини таъкидлади, чунки дунё гўё катта бир қишлоққа айланиб улгурди ва вақти келиб уруш олови мен дахлсизман деб ўйлатаёганларни ҳам ўз домига тортиши аниқ. Шунга кўра, президент Эрдўғон инсоният урушларни бартараф этиб, тинчликка эришишга мажбур эканини уқтирди.
Туркия раҳбари амалдаги халқаро тартиб, хусусан, БМТнинг ҳозирдаги форматини қониқарсиз деб баҳолаб келади. Ҳозирги халқаро бошқарув тизими дунё икки қутбли бўлган эски даврдан мерос бўлиб, бу аҳволда инсоният дуч келаётган турфа муаммоларни ҳал этиш имконсиздир. Эрдўғонга кўра, «дунё бешдан каттароқдир». Яъни халқаро муаммоларни ҳал этиш фақатгина БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси (АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия) ваколатида бўлиши номақбул ҳолат.
Анталия дипломатик форумидаги нутқида ҳам БМТни ислоҳ этиш заруратини урғулаган сиёсатчи Украинадаги урушни бартараф этишда халқаро ташкилот заифлик қилаётганини қайд этди.
Аввал хабар берганимиздек, Р.Т.Эрдўғон 2021 йилда чоп этилган «Дунё адолатлироқ бўлмоғи мумкин» (Daha Adil Dünya Mümkün) деб номланган китобида ҳам адолатсизлик, миграция инқирози, халқаро терроризм, исломофобия, сиёсий мунофиқлик каби иллатлардан баҳс этган эди.
Эслатиб ўтамиз, 11-13 март кунлари давом этадиган Анталия иккинчи дипломатик форумида ўнлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, етмишга яқин вазирлар қатнашмоқда. Халқаро машваратда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги юртимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter