Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё давлатлари иқлим ўзгариши борасида жавобгарликка тортилиши мумкин

Дунё давлатлари иқлим ўзгариши борасида жавобгарликка тортилиши мумкин

Фото: БМТ

БМТ Бош ассамблеяси Ҳаагадаги халқаро судга дунё давлатларининг иқлим ўзгариши борасидаги мажбурият ва масъулияти юзасидан тушунтириш беришни сўраб мурожаат йўллади. Бу ҳақдаги резолюция 29 март куни қабул қилинди.

Йиғилишда нутқ сўзлаган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш халқаро маҳкаманинг маслаҳат ва хулосаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

«Ушбу хулоса БМТ Бош ассамблеяси ва аъзо давлатларга иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида янада қатъий ва дангал чоралар кўриш имконини беради. Бу эса дунёмиз учун ҳаёт-мамот масаласидир», – деди А.Гутерриш.

Бош котибга кўра, инсоният «иқлим адолати»ни тиклаш, табиат ўзгаришлари асоратларини камайтириш учун жорий ўнйилликда қатъий ҳаракат қилиши лозим, акс ҳолда, кеч бўлади.

Халқаро судга якуний хулоса бериш учун қарийб икки йил вақт керак бўлади. Маҳкама хулосаси дастлабки босқичда мажбурий юридик кучга эга бўлмаса-да, келгусида вазият ўзгариши кутилмоқда.

Дунё давлатларининг иқлим ўзгариши борасидаги мажбуриятига доир резолюция Вануату орол-давлати ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Гап шундаки, бу каби кичик давлатлар атмосферага жуда кам миқдорда зарарли газ чиқаргани ҳолда, иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп азият чекмоқда. Вануатунинг ташаббусини Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Тожикистон, Украина каби давлатлар ҳам қўллаб-қувватлаган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Турк резолюция қабул қилинишини олқишлаб, халқаро суд хулосаси вазиятни ўзгартиришига ишонч билдирган.

«Давлатлар зиммасида иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш, уларга мослашиш, юзага келган зарар ва йўқотишларни бартараф этиш борасида мажбуриятлар мавжуд», – дейди БМТ комиссари. 

Ўтган ҳафта иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи эълон қилган ҳисоботда глобал исиш жараёни шиддат билан давом этаётгани, уни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар суст экани қайд этилган.

Аввал хабар берганимиздек, БМТ раҳбари жорий йил февраль ойида денгиз сатҳи кўтарилиши оқибатида айрим мамлакатлар сув остида қолишидан огоҳлантирган эди.

Сўнгги таҳлиллар XX асрда денгиз сатҳи 3 минг йиллик давр мобайнида энг тез суръатда кўтарилганини кўрсатмоқда. Агар глобал ҳарорат яна 2 даражага ошса, дунё океани сатҳи мисли кўрилмаган даражада кўтарилади. Оқибатда барча қитъалардаги мегаполислар, жумладан, Лагос, Мапуту, Бангкок, Дакка, Жакарта, Мумбай, Шанхай, Копенҳаген, Лондон, Лос-Анжелес, Нью-Йорк, Буэнос-Айрес ва Сантьяго жиддий муаммоларга рўбарў келади.

Ушбу муаммо қашшоқликни авж олдириб, ижтимоий-иқтисодий бўҳронлар, уруш ва ихтилофларга доялик қилади. БМТ дунё давлатларидан иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш, атмосферага чиқаётган заҳарли газлар миқдорини камайтиришни талаб қилмоқда.

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам охирги йилларда заҳарли газлар бўйича аксилрекорд қайд этилаётгани ҳақида бонг урган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг