Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дипломатик можаро: АҚШ Фаластин вазирига визани жиддий шарт билан бергани ошкор бўлди

Дипломатик можаро: АҚШ Фаластин вазирига визани жиддий шарт билан бергани ошкор бўлди

Фаластин ТИВ (чапдан иккинчи) cукут сақлашга мажбур бўлган матбуот анжумани. 

Фото: AFP

Куни кеча АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликийга журналистларнинг саволига жавоб қайтариш имкони берилмади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси мулоқот гуруҳи аъзолари Ғазодаги вазият юзасидан Қўшма Штатлар расмийлари билан музокара ўтказгач, матбуот анжумани ўтказган. 

Журналистлардан бири Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликийга келгусида ҲАМАС билан сиёсий бошқарув бўйича ҳамкорлик ҳақида савол билан мурожаат қилган.

Бунинг ортидан мухбирга юзланган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон фаластинлик ҳамкасби ОАВ саволларига жавоб бера олмаслигини айтган.

«Жаноб ал-Маликий виза билан боғлиқ шартга кўра саволингизга жавоб бера олмайди. Гап шундаки, АҚШ ҳукумати жаноб Маликийга бу борада чеклов қўйган. У ОАВ ходимлари саволларига жавоб бера олмайди ва улар билан мулоқотга киришмайди», – деган Файсал бин Фарҳон.

Саудия вазири Фаластин ТИВ журналистлар саволига жавоб берган тақдирда унга ҳуқуқий чора кўрилиши эҳтимоли мавжудлигини таъкидлаган. У виза чеклови «тарихий» амалиёт эканини ҳам айтган. 

Ушбу дипломатик можаро юзасидан изоҳ берган АҚШ давлат департаменти миграция қонунчилигида шахсларнинг ОАВ билан мулоқотини чекловчи тартиб йўқлигини маълум қилган.

«АҚШ қонунчилигига мувофиқ визага доир маълумотлар махфий саналади. Шунга кўра муайян виза аризасига доир тафсилотларни очиқлай олмаймиз. АҚШ иммиграция қонунчилигида шахсларга матбуот билан мулоқотни тақиқловчи қоида кўзда тутилмаган. Биз шахсларга матбуот билан мулоқот қилишни ман этмаганмиз», – деган Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.

Араб давлатлари ва Туркия ташқи ишлар вазирларидан иборат делегация АҚШ раҳбариятини Ғазога нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундаган.

Халқаро ҳамжамият Исроилнинг Ғазода минглаб бегуноҳ инсонлар ўлимига олиб келган ҳарбий амалиётини тўхтатиш ва доимий оташкесимга эришишни талаб қилмоқда. Исроилни ҳам моддий, ҳам ҳарбий дастаклаётган Вашингтон эса ҲАМАС ҳаракати буткул йўқ қилинмагунча, ўт очиш тўхтатилмаслиги керак деб ҳисоблайди.

8 декабрь куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган резолюция овозга қўйилди. Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган 15 давлатдан 13 таси ушбу ҳужжатни ёқлади. Буюк Британия овоз беришда қатнашмасликни маъқул кўрди. Кенгашнинг доимий аъзоси бўлган АҚШ резолюцияга вето қўйди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг бошқа икки аъзоси – Россия ва Хитой АҚШ раҳбариятини ўт очишни тўхтатишга қарши чиқиш орқали тинч аҳоли вакилларининг ўлимини янада кўпайтиришда айблади.

Cўнгги маълумотларга қараганда, Ғазода Исроил бомбардимонлари оқибатида 7 октябрдан 10 декабрга қадар 17700 нафар фаластинлик, жумладан, 7729 нафар бола ҳалок бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг