Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Чўкаётган» мамлакат вазири сувда тиззасигача тик турган ҳолда ёрдам сўради (видео+фото)

«Чўкаётган» мамлакат вазири сувда тиззасигача тик турган ҳолда ёрдам сўради (видео+фото)

Фото: «Scoopnest.com»

Тувалу Тинч океани давлати ташқи ишлар вазири Саймон Кофе океанда тиззасигача сувда туриб Глазгодаги иқлим саммити (COP26) учун видеомурожаат тайёрлади. Сиёсатчи видеони «Youtube»даги каналига жойлади.

«Иқлим ўзгариши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши ҳалокатли. Бу муаммолар Тувалу ва Тинч океанининг бошқа орол давлатларига таҳдид солмоқда. Биз чўкиб кетяпмиз», – деди у.

Видеони томоша қилганда вазир минбардан, иккита байроқ – Тувалу ва БМТ ҳамда кўк парда фонида нутқ сўзлаётгандек таассурот пайдо бўлади. Бироқ сўнгги сонияларда камера узоқлашади ва томошабин Кофе тиззасигача сувда, унинг ортида эса Тинч океани турганига гувоҳ бўлади.

Кофенинг сўзларига кўра, унинг баёноти COP26ни Тувалудаги ҳақиқий вазият билан таништиради ва унинг аҳолиси дадил ҳаракат қилаётганини таъкидлайди.

Aввалроқ хорижий ОAВ Тувалуни глобал исиш ва музликларнинг эриши туфайли Ер юзидан йўқолиши мумкин бўлган орол давлатлар рўйхатига киритган эди.

Олимлар глобал исишнинг салбий оқибатларини енгиллаштириш учун Ердаги ҳарорат кўтарилишини Цельсий бўйича бир ярим-икки даражагача чеклаш зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Шу мақсадда 2015 йилда 190 дан ортиқ давлат Париж битимини имзолаган бўлиб, унда ушбу мақсадга эришиш учун аниқ ҳаракатлар режаси тузиб чиқилган. Ҳужжат қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, бироқ давлатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш чораларини кўришлари керак.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг