Чилида «аср ўғирлиги» содир этилди
Чили пойтахти Сантьягода қуролланган босқинчилар аэропортдаги зирҳли автомашинага ҳужум қилиб, қарийб $15 млн. пулни ўмариб кетишди. Воқеани чилилик журналистлар «аср ўғирлиги» деб ёритишмоқда.
Полиция хабарига кўра, етти-ўн нафар атрофидаги қуролланган босқинчилар терминалга иккита автомобилда кириб келиб, мамлакатга самолётда келтирилган валюта ортилган зирҳли машинага ҳужум қилишган. Босқинчилар товар ташувчи машиналардан фойдаланишгани айтилмоқда.
«Босқинчилар қўриқчиларга қурол билан таҳдид қилиб, пулларни қўлга киритишган ва воқеа жойидан яширинишган», — деди полиция вакили Оскар Фигероа.
Жами 14 млн. доллар ва 1 млн. евро миқдоридаги валюта ўғирлаб кетилган. Босқин оқибатида қўриқчилардан икки нафари жароҳат олган.
Чили полицияси катта миқдордаги хорижий валюта келтирилиши ҳақида талончилар олдиндан бохабар бўлган деган хулосага келди.
Бу Сантьяго аэропортида охирги йилларда содир этилган иккинчи йирик босқин ҳисобланади. 2014 йилда худди шу аэропортдаги фургондан 10 млн. доллар ўғирлаб кетилганди. 2017 йилда эса қуролли босқинчилар Сантьяго яқинидаги транспорт компанияси офисига ҳужум қилиб, 19 млн. долларни ўмариб кетишганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter