Чилангарнинг фарзанди. Буюк Британиянинг янги бош вазири ҳақида нималар маълум?
Буюк Британияда 4 июль куни бўлиб ўтган парламент сайловида бош вазир Риши Сунак раҳбарлигидаги консерваторлар партияси қақшатқич мағлубиятга учради.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Кир Стармер етакчилигидаги лейбористлар партияси парламент Жамоатлар палатасидаги 650 ўриндан 410 тасини қўлга киритди. Бу қиролликда консерваторларнинг 14 йиллик ҳукмронлиги якунига етгани, лейбористлар етакчиси Кир Стармер янги бош вазир бўлишини англатади.
Хўш, инглиз ҳукуматининг янги раҳбари ҳақида нималар маълум?
Кир Стармер катта сиёсатга анча кеч кириб келган, у илк бор парламент депутати этиб сайланганида 50 ёшдан ўтган эди. Аммо бунга қадар у кучли ҳуқуқшунос сифатида мамлакатда донг таратган, ҳатто рицарлик унвонини олган.
Кир Стармер 1962 йили Лондон шаҳрида оддий ишчи оиласида туғилган. Отаси заводда чилангар бўлиб ишлаган, онаси ҳамширалик қилган. Кейинроқ оила пойтахтдан Сарри графлигига кўчиб кетган.
Стармернинг ҳикоя қилишича, ёшлигида оилавий ҳаёт у қадар сокин кечмаган, отаси совуққон ва хийла хонанишин эди. Онаси эса хасталик сабаб ногиронлар аравачасига михланганди.
Кир 16 ёшида лейбористлар партиясининг маҳаллий ёшлар бўлинмасига аъзо бўлган. Сўнг Лидс ва Оксфордда ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олган. У оиланинг университетга ўқишга кирган илк вакили эди.
Таҳсилни тугатиб узоқ йил адвокатлик билан шуғулланган. 2008 йилда Қироллик прокуратура хизмати директори этиб тайинланган, яъни у Англия ва Уэльс бош прокурори эди. Ҳуқуқ тизимидаги хизматлари эвазига 2014 йилда рицарлик унвони билан тақдирланган.
2015 йили сэр Стармер парламент депутати этиб сайланган.
2019 йилги сайлов лейбористлар учун аламли мағлубият билан якунланди. Бу ҳол партия раҳбариятида янгиланишлар бўлишини талаб этарди. Шу тариқа Жереми Корбин 2020 йили партия етакчилигини ихтиёрий-мажбурий равишда тарк этади ва унинг ўрнини Кир Стармер эгаллайди.
Айрим таҳлилчилар Стармерни прагматик сиёсати учун мақтаса, яна айримлари зерикарли бошқарув усули сабаб танқид қилади. Асосийси, у сўл кайфиятдаги лейбористлар париясини мўътадил қарашли сиёсий ҳаракатга айлантириб, катта ғалаба сари етаклади. У партиядошлари эътирозига қарамай, сайлов кампанияси даврида даромад солиғини ошириш, давлат хизматларини национализация қилиш каби ташаббуслардан воз кечди. “Мамлакат манфаатлари партия манфаатларидан муҳимроқ” деган шиор остида сайлов кампанияси олиб борди у.
Янги бош вазир Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига қайтишини ёқламайди, аммо у Борис Жонсон давридаги хатоларни тўғрилаб, ЕИ билан битимга тузатишлар киритиш ниятида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter