Буюк Британия Назарбоев невараси ўлимининг ҳақиқий сабабини маълум қилди
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси Ойсултон Назарбоев ўтган ёзда Лондонда гиёҳвандликка қарамлик оқибатида табиий сабабларга кўра вафот этган. Ушбу хулосани чоршанба куни Ғарбий Лондон коронери Фиона Уилкокс эълон қилди. Бу ҳақда Буюк Британиядаги Назарбоевлар оиласи вакили РИA Новостига хабар берган.
«Кеча суд мажлисида коронер Ойсултон ўтган йили табиий омиллар ва кокаинга қарамлик оқибатида вафот этган, деган хулосага келди», — деб айтган агентлик суҳбатдошлари.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг маълумотларига кўра, полиция, психиатр ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб, бир неча йил давомида гиёҳвандлик билан курашиб келган 29 ёшли Ойсултоннинг ўлим сабаблари шубҳали ҳисобланмайди ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ.
«Биз суюкли Ойсултонимиздан жудо бўлганимиздан қаттиқ қайғудамиз. Унинг ўлими биз учун ҳақиқий мусибатга айланди. Сўнгги олти ой мобайнида бизни қўллаб-қувватлаган барчага ва муносиб текширув ўтказгани учун коронерга самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз», — дейишди Назрабоевлар оиласи вакили.
2020 йил август ойи ўрталарида Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға ўғли Ойсултон вафот этганини тасдиқлади.
Қозоғистон оммавий ахборот воситалари унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганлигини тахмин қилишди.
2020 йил февраль ойида Ойсултан «Facebook»даги аккаунтида ўзининг хавфсизлигидан хавотирланиб, Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраганини маълум қилди.
У мамлакат раҳбариятини коррупцияда айблади, шунингдек, оила аъзолари томонидан босим ўтказилаётганини айтиб ўтди.
Қозоғистонда Ойсултоннинг бундай постлари билан боғлиқ вазият собиқ давлат раҳбарини обрўсизлантиришга уриниш эканлиги ҳақида хабар берилганди. Ўша пайтда Aхборот ва ижтимоий тараққиёт вазири бўлган Даурен Aбаев давлат телеканали эфирида Ойсултоннинг постлари Назарбоевнинг невараси гиёҳвандликка қарамликдан даволанаётганидан фойдаланган баъзи одамлар таъсирида ёзилганлигини айтиб ўтган.
2019 йил октябрда Лондондаги Саутворк туман қироллик суди Ойсултонни бировнинг ер-мулкига ноқонуний киргани ва полиция зобити билан жанжаллашгани учун шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилганди. Ҳукм 18 ойлик синов муддати ва гиёҳвандликдан даволанишни ўз ичига олганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter