Британиялик олимлар энг кўп ичадиган касб эгаларини аниқлашди
Ливерпуль университети олимлари тадқиқот ўтказишиб, қурилиш ва ишлаб чиқаришда меҳнат қиладиган эркаклар ҳамда раҳбар-аёллар Британияда энг «ичкиликбоз» касблар рейтингида етакчилик қилишини аниқладилар. Бу ҳақда «BMC Public Health» журналида чоп этилган мақолада маълумот берилган.
Мутахассислар 2006 — 2010 йиллар давомида UK Biobank базасига киритилган 40 ёшдан 69 ёшгача бўлган Буюк Британиянинг 100 мингдан ортиқ аҳолиси маълумотларини ўрганишди. Тадқиқот иштирокчиларидан ҳафтасига қанча спиртли ичимлик истеъмол қилиши, шунингдек, касблари тўғрисида анкета саволларига жавоб беришлари сўралган.
Маълум бўлишича, эркаклар орасида асосан ишлаб чиқариш, қурилиш соҳаси ходимлари ҳамда фаррошлар шишага ошно бўлишаркан. Руҳонийлар, шифокорлар, физиклар, шунингдек, геологлар ва метеорологлар алкоголдан узоқроқ юриши ойдинлашди.
Aёллар орасида энг кўп ичадиганлар юқори ва ўрта мартабали раҳбарлар бўлиб чиқди. Ўқитувчилар, шифокорлар ва олимлар спиртли ичимликни деярли ичишмас экан.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, уларнинг тадқиқоти муайян касблар орасида алкоголга қарамлик сабабига ишора қилмайди, балки турли соҳа вакилларининг алкоголга мойиллигини таҳлил қилади. Шунга кўра, қурилишда ишлаш албатта спиртли ичимликларга ружу қўйишга олиб келади, деб хулоса чиқариш нотўғри.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter