Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг йирик газеталардан бирига эгалик қилган миллиардер вафот этди

Энг йирик газеталардан бирига эгалик қилган миллиардер вафот этди

Фото: «РИА»

Буюк Британиянинг энг йирик газеталаридан бири «Daily Telegraph» ва унинг шўба корхоналари ҳаммуаллифи, миллиардер Дэвид Барклай 86 ёшида ҳаётдан кўз юмди, деб хабар бермоқда «Guardian» газетаси.

«Катта газетани қутқарган, Буюк Британияда минглаб иш ўринларини яратган ва ушбу мамлакат мустақиллигига ва унинг нималарга қодир эканлигига ишонган сэр Дэвид Барcлай билан видолашаман», — деб ёзди Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Газетанинг қайд этишича, миллиардернинг кутилмаган ўлимига узоқ давом этмаган касаллик сабаб бўлди. Барклайдан тўрт ўғил ва тўққиз невара қолди.

Маълумотларга кўра, Дэвид Барклай эгизак акаси Фредерик билан биргаликда Британиянинг «Daily Telegraph» газетасига эгалик қилган ва ўз даврининг энг муваффақиятли ишбилармонларидан бири ҳисобланган. «Sunday Times» томонидан 2020 йилда чоп этилган энг бой одамлар рўйхатига кўра, ака-уканинг бойлиги етти миллиард фунт (9,5 миллиард доллар)га баҳоланган.

Эгизаклар ўз иш фаолиятларини 1968 йилда меҳмонхоналарни сотиб олишдан бошлашган. Кейинчалик, 1983 йилда ака-ука пиво ишлаб чиқариш ва транспорт компаниялари гуруҳини сотиб олди. 90-йилларнинг бошларида улар маҳаллий «Scotsman» газетасини сотиб олиш орқали газета бизнесига киришга қарор қилишди. 2004 йилда эгизак Барcлай Британиянинг «Daily Telegraph» газетаси ҳамда унинг шўба корхоналари эгаларига айланишди.

Дэвид ва Фредерик 1989 йилда қўшма хайрия жамғармасини ҳам ташкил этишган. Ўшандан бери болалар хайрия ташкилотлари ва шифохоналарига 15 миллион фунт стерлинг (20,5 миллион доллар)дан ортиқ хайрия маблағлари ажратди. Бундан ташқари, фонд тиббий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланган. Мамлакат ва жамият олдидаги хизматлари учун иккала ака-ука ҳам 2000 йилда рицарлик мукофотига сазовор бўлишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг