Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бразилия чангалзорида таниқли британ журналисти изсиз йўқолди

Бразилия чангалзорида таниқли британ журналисти изсиз йўқолди

Чангалзорларни йиллар давомида кезган Дом Филлипс нуфузли нашрларга мақолалар ёзиб келган.

Фото: Getty Images

Буюк Британия журналистикаси фахрийларидан бири Дом Филлипс Бразилия ҳудудидаги Амазония чангалзорида дом-дараксиз йўқолди. Унга бразилиялик ҳамкасби Бруно Перейра ҳамроҳлик қилган.

Икковлон тамаддундан узилиб қолган овлоқ маконда яшаётган қабилалар ҳақидаги китоб учун материал йиғаётган эди.

Яқинлари икки тадқиқотчи адашиб қолганига ишонмаётир, чунки улар ҳудуд жуғрофиясини беш қўлдек билган. Бразилияда 10 йилдан зиёд ҳаёт кечирган Дом Филлипс Амазония чангалзорлари ва туб аҳолиси ҳақида Guardian, Financial Times, Washington Post каби нуфузли нашрларга мақолалар ёзган.

Бразилияда туғилиб ўсган Бруно Перейра ҳам тамаддундан ортда қолган қабилалар бўйича эксперт сифатида тилга тушган.

Айни пайтда ғойиб бўлган журналист ҳамда унинг ҳамроҳини маҳаллий полиция ва ҳарбий флот хизматчилари қидирмоқда. Хабарларга кўра, ушбу ҳолат бўйича гумондор сифатида икки балиқчи қўлга олинган, аммо улар айблов эълон қилинмасдан қўйиб юборилган.

Инглиз журналистининг рафиқаси Алессандра Сампайо маҳаллий маъмуриятдан турмуш ўртоғини тезроқ топишда кўмак сўраган.

«Чангалзорда ҳар бир сония қадрли. Чунки кўз очиб юмгунча ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлиши ҳеч гап эмас», ؘ– деб ёзган А.Сампайо ижтимоий тармоқда.

Сўнгги йилларда Жавари дарёси ҳавзаси, хусусан, Амазонас штатидаги овлоқ ҳудудларда зиддиятлар кучайган. Туб аҳоли вакиллари ҳудудда ноқонуний равишда табиий бойлик қазиб олаётган шахслар ва браконьерлар билан тўқнашувларга бормоқда. Таҳлилчиларга кўра, президент Жаир Болсонару маъмурияти томонидан қўриқхона мақомига эга ҳудудларда фойдали қазилмалар қазиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш йўлга қўйилаётгани туб аҳоли вакилларининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг