Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боливия собиқ президенти номусга тегиш ва одам савдосида айбланяпти

Боливия собиқ президенти номусга тегиш ва одам савдосида айбланяпти

Фото: «Интерфакс»

Боливия адлия вазирлиги мамлакатнинг собиқ президенти 60 ёшли Эво Моралесга қарши номусга тегиш ва одам савдоси жиноят ишларини қўзғади. Бу ҳақда мамлакатда чиқадиган «ElPais» нашри хабар берди.

Моралесга қарши ишларда собиқ президентнинг 19 ёшли қиз билан тушган суратлари ОАВда чоп этилгани асос қилиб олинган. Моралес қиз билан у ҳали 14 ёшда пайтидаёқ учраша бошлагани тахмин қилинмоқда.

Қиз қаерда экани номаълум, бироқ Адлия вазири ўринбосари Гидо Мельгаранинг таъкидлашича, у Аргентинада.

Боливия қонунчилигида номусга текканлик учун олти йил, одам савдоси билан шуғулланганлик учун 15 йил қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Маълумот учун: Эво Моралес 2006—2019 йилларда Боливия президенти бўлган. Мамлакат ғарбидаги Орурода туғилган, аймара қабиласи вакили бўлган Моралес туб жой халқидан чиққан илк президент эди. Ўтган йилги сайловлардан кейин оммавий норозиликлар тартибсизликларга айланиб кетгач, истеъфога чиққан. Айни пайтда қувғинда яшаётган Моралесга бошқа жиноятларни содир этишда (хусусан, терроризмни молиялаштириш бўйича) ҳам айбловлар эълон қилинган. Маълумотларга кўра, у ҳозирда Аргентинада бошпана топган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг