Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боливия собиқ президенти ҳибсга олинди

Боливия собиқ президенти ҳибсга олинди

Фото: «Twitter»

Боливия собиқ президенти Жанин Аньес ҳибсга олинди. Сиёсатчи аёл терроризм, давлатга хоинлик ва жиноий тил бириктиришда айбланмоқда.

Аньесни ҳибсга олишга мамлакатнинг коррупцияга қарши курашувчи махсус прокуратураси топшириқ берган.

«Жанин Аньес хоним қўлга олинган ва айни пайтда полиция қўлида», — деб ёзди Боливия Ички ишлар вазири Эдуардо дель Кастильо «Twitter»да.

Ўз навбатида, Аньес амалдаги ҳукуматни сиёсий таъқиб қилишда айблади. «Мени аслида мавжуд бўлмаган сиёсий тўнтаришда айблашяпти», — дейилади у «Twitter»да қолдирган ёзувда.

Коррупцияга қарши махсус прокуратура, шунингдек, ўнлаб бошқа амалдорларни ҳибсга олишга буйруқ берган. Улар орасида Аньес маъмуриятининг собиқ раҳбари Йерко Нуньес ҳамда ИИВ собиқ раҳбари Артуро Мурильо ҳам бор.

Аньесга қадар унинг давридаги адлия ва энергетика вазирлари қўлга олинганди. Собиқ ИИВ ва мудофаа вазирлари эса 2020 йиллар охирларида Бразилияга қочиб кетганликда гумон қилиняпти.

Жанин Аньесга қарши суд суриштируви ўтказишни ўтган йили Болливия парламенти талаб қилганди. Бошқа айбловлар қатори, унга қарши геноцид бўйича жиноятларни содир этганлик айблови ҳам илгари сурилган. Депутатлар, бундан ташқари, 11 нафар вазир ва собиқ вазирга қарши жиноят ишлари очилишини сўрашган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда президентлик сайловларидан сўнг юз берган тартибсизликларда 26 киши ҳалок бўлган, юзлаб кишилар турли даражада жароҳатланган ва ҳибсга олинган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг