Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биринчи рақамли жиноятчи»: барча излар Беларусга олиб боради...

«Биринчи рақамли жиноятчи»: барча излар Беларусга олиб боради...

Фото: «The Insider»

19 июнь куни «Минск» миллий аэропортига хусусий самолёт келиб қўнган, унда Австрия фуқароси Ян Марсалек учиб келган, деб хабар берди «The Insider».

Ян Марсалек — ҳозир жаҳонда қидирилаётган «биринчи рақамли» жиноятчи. Еврорадионинг хабарига кўра, «сиёсий барқарор жойдамисиз» дея ҳол сўраган ҳамкасбини у: «Ташвишланманг, бу ерда ҳукумат 25 йилдан бери ўша-ўша одамлар қўлида», деб тинчлантирган.

2020 йилнинг июнида Марсалек амалиётлар бўйича директор бўлиб ишлайдиган (у компаниянинг Осиёдаги фаолияти учун масъул эди) Германиянинг «Wirecard» компанияси, аудиторлар балансда 2 миллиард евро камомадни аниқлаганидан сўнг, инқирозга учради. Бу пайтга келиб Марсалек русларнинг Ливиядаги ҳарбий хусусий компанияси (ЧВК) ҳамда Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан алоқадор эканини ОАВ билишга улгурганди.

Марсалек 18 июнь куни ишдан бўшайди. Ҳамкасбларига Филиппинга учаётгани — айбсизлигини исботлаш учун йўқолган миллиардларни топишга кетаётганини айтади ва ном-нишонсиз  йўқолади. Марсалекни фирибгарлик ва талон-торожда гумон қилиб аввалига Германия ва Австрия полицияси қидиришга тушди, кейин уларнинг ёнига бошқа мамлакатларнинг махсус хизматлари ҳам қўшилди — энди австриялик рус разведкаси билан алоқадор деган шубҳа пайдо бўлганди.

2015 йилдан бери Ливияда ўз лойиҳаларини амалга ошириб келган Марсалек «Ливияни гуманитар тиклаш» масаласида россиялик ва европалик амалдорлар билан ош-қатиқ бўлган. «The Insider» ёзадики, бу ерда асл мақсад уруш ҳолатидаги мамлакатда пул ишлаш учун хусусий ҳарбий компаниялар тузиш эди. Марсалекнинг Ливиядаги маслаҳатчиси Андрей Чупригин — араб дунёси бўйича эксперт, ғарб разведкаси маълумотларига биноан эса, Россия разведкаси офицери бўлган. Айрим хабарларда 2017 йили Марсалек Суриядаги Пальмира ҳудудлари ИШИД жангариларидан тозаланганидан кейин рус ҳарбийлари меҳмони бўлгани айтилади.

«Bellingcat» нашри ёзишича, Марсалекнинг бир оёғи Россияда бўлган: охирги 10 йилда бу мамлакатга 60 мартадан кўп келган. Рус диёрига олти хил Австрия паспорти ҳамда бошқа ҳужжатлар воситасида (бу ҳужжатлар маълумотлар базасидан ўчириб юборилган) кириб-чиқиб юрган. Масалан, бир гал DA0000051 рақамли «фуқаролиги бўлмаганга берилган дипломатик паспорт»да келган. Бунақа паспортлар камдан-кам мамлакатларда фахрий консулларга берилади ёки «қора бозор»да сотилади. Марсалек ФХХ эътиборига 2015 йилда тушиб қолган — экспертларнинг тахминича, уни ёллашга уриниб кўришгани аниқ.

«Wirecard»дан бўшаган Марсалек изларни ҳам чалғитиб кетди: Хитой ва Филиппинга чиптага буюртма бериб, иммиграцион карталарни қалбакилаштиради, қўлида коктейл билан пляжларда тушган суратларини интернетга жойлайди. Аммо у ҳозирда ҳукумат 25 йилдан бери бир хил одамлар қўлидаги мамлакатдалигини айтганидан сўнг, журналистларнинг хаёлига биринчи бўлиб Беларусь келди. Чегарани кесиб ўтиш маълумотларига кўра, «The Insider»да мақола чиққан пайтда у ҳали Беларусни тарк этишга улгурмаган.

Марсалекни «Embraer 650 Legacy» хусусий самолёти Таллиндан Минскка олиб келган, орадан икки соат ўтиб бу самолёт Витебскка учиб кетган. Журналистлар FlightRadar ёрдамида худди шу самолёт Таллинга Австриянинг Клагенфурт шаҳридан учиб келганини пайқашган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг