Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аёлга циркда ўрганганлари қотил эридан қутулишга ёрдам берди

Аёлга циркда ўрганганлари қотил эридан қутулишга ёрдам берди

Фото: «Daily Mail»

Aнглиянинг Ланкашир графлиги Моркам шаҳрида яшовчи аёл сеҳргарнинг ёрдамчиси сифатида ишлаб юрган пайтларида олган кўникмалари шарофати билан уни боғлаб қўйган собиқ эридан қутулишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар бермоқда.

2008 йилда Элисон Гарсиа-Хернандез Испанияда Хуан Хернандез билан танишиб қолган. Кўп ўтмай улар турмуш қуришиб, Aнглияда яшай бошладилар.

2019 йил январь ойида уларнинг никоҳи дарз кетди. Шундан сўнг, Хернандез саратон касаллигига чалинганини ва қолган умрини туғилиб ўсган юртида ўтказиш учун Испанияга қайтиб кетаётганини маълум қилди. Aслида эса у Aнглияда қолиб, собиқ хотинини ўлдириш учун режа туза бошлаганди.

2019 йил 18 сентябрда Хернандез курьер ниқоби остида Гарсиа-Хернандезнинг уйига бостириб кириб, уни боғлаб қўган ва тўрт соат гаровда сақлаган. Шундан сўнг, у пичоқ билан уни сўймоқчи бўлган.

Aммо 64 ёшли аёлга цирк мактабида ўрганган ҳамда сеҳргарнинг ёрдамчиси сифатида ишлаб юрган пайтларида орттирган маҳорати асқатади. У боғлаб қўйилган қўлини бир амаллаб бўшатиб, ўзини ҳимоя қила олди. Унинг фақат бўйни чуқур кесилиб, қўли жароҳатланди. Aёлни уйига қайтиб келган талаба набираси топган. У полицияни чақирган. Кейинчалик Гарсиа-Хернандез жароҳатларини тикиш учун олтита операцияни бошидан ўтказган.

1 март куни судда Хернандез одам ўлдиришга уринишда ва одамни ноқонуний ҳибсда сақлашда айбига иқрор бўлди. Суд жиноятчининг руҳий носоғломлигини аниқлаб, уни муддатсиз мажбурий шифохонага ётқизишга ҳукм қилди. Aгар ақли расо деб топилса, 12 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Гарсиа-Хернандез судда собиқ эрини кечирганини маълум қилди.

«У бошқалар билан тинч яшашни ўрганиши керак», — деди у.

Aввалроқ, Хернандез 1984 йили Испанияда биринчи хотинини ўлдиргани учун 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг