Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Aвстралияда қулдор оила устидан ҳукм ўқилди

Aвстралияда қулдор оила устидан ҳукм ўқилди

Фото: «Fotolia / Paul Liu»

Aвстралия суди аёлни саккиз йил қулликда сақлаган эр-хотинни «инсониятга қарши жинояти» учун қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ABC телеканали.

Маълум бўлишича, 57 ёшли Кандасами Каннан ва унинг рафиқаси 53 ёшли Кумутхини Каннан ҳиндистонлик аёлни 2007 йилдан 2015 йилгача ўз уйида қулликда сақлашган. Шахси ошкор қилинмаган аёл саккиз йил давомида эр-хотиннинг фарзандларини парваришлашга, овқат пиширишга, уй йиғиштиришга мажбур бўлган. У туну кун тиним билмаган. Эвазига кунига 3,39 доллар (2,48 АҚШ доллари) ишлаб топган. Aйни пайтда 60 ёшли аёлнинг соғлиғида жиддий муаммолар кузатилмоқда. Бир куни уни озиб кетган ҳолда шифохонага олиб боришганда, унинг вазни атиги 40 килограммни ташкил этган.

Виктория штати Олий суди чоршанба куни Кумутхини Каннанни саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, унинг эри камроқ «ўтирадиган» бўлди — олти йил. Эр-хотин айбларга иқрор бўлишмаяпти ва ўзларининг айбсизлигини даъво қилишда давом этмоқда. Оиланинг адвокатлари суд қарори устидан апелляция беришни режалаштирмоқдалар.

«Қуллик инсониятга қарши жиноят ҳисобланади», — деди суд ҳукмини эълон қилиш пайтида судья Жон Чэмпион.

Телеканал хабарига кўра, бу Aвстралия судида маиший қуллик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш бўйича биринчи жараён ҳисобланади. Прокуратура маълумотларига кўра, гап мамлакатда энг узоқ давом этган қуллик ҳақида бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг