«Асаларилар қироли»ни бирор марта ҳам асалари чақмаган
Ўзини «асаларилар қироли» деб атовчи руандалик Ндайисаба 30 йилдирки бутун танасида ҳашаротларнинг ўрмалаб юришига рухсат бергани ҳамда ҳеч қачон чақмаганини таъкидламоқда. У Daily Star нашрига берган интервьюсида асаларичилик фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Ндайисаба болаликдан ҳашаротларга ғамхўрлик қилади.
«Aсалариларни бошқариш учун, аввало, маликасини топишим керак. Кейин бошқа асалариларни жалб қилиш учун уни танамга қўяман», — дея тушунтирди у.
Унинг сўзларига кўра, уяда яшовчилар маликага эргашади ва унинг атрофини қалқон қилиб ўраб, ҳимоя қилишади. Руандаликнинг танасида асаларилар галаси ҳашаротли пўстинга ўхшайди.
Ндайисаба асаларилар уни чақмаслигига ишонади, чунки у асаларичиликни яхши тушунади. Ушбу севимли машғулоти унга нафақат машҳурлик олиб келган, балки асал сотиш орқали даромад олиш имконини берган.
Ндайисаба 30 йиллик асаларичилик фаолияти давомида бирор марта ҳам асалари чақмаганини даъво қилади. Журналистларга интервью берган америкалик тажрибали асаларичи Кэти Лининг айтишича эса ҳар сафар ҳашаротни танасига қўйганида уни чақиб олади.
«Биз вақти-вақти билан асалариларга шакар сиропи сепамиз. Яхши боқилган ҳашаротлар камроқ чақади, шу боис биз уларнинг тўйгани ва мамнун эканлигини назорат қиламиз», — дея таъкидлади Ли.
Унинг сўзларига кўра, қўйишдан олдин асаларилар устида ўрмаламаслиги учун кўз ости ва лабларига вазелин суртиб қўяди. Шунингдек, ҳашаротлар ичига кириб кетмаслиги учун қулоқлари ва бурунларига пахта тиқиб қўяди.
Ли махсус тайёргарликсиз асаларилар билан бундай трюклар қилмаслик кераклигидан огоҳлантиради.
«Юзингиз ва танангизда минглаб чақадиган ҳашаротлар бўлади, шунинг учун улар сизни бир неча марта чақиб олишларига жисмонан ва руҳан тайёр бўлишингиз керак», — деб хулоса қилди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter