Асаларилар ҳаётига таҳдид: нега улар қирилиб кетмоқда? (видео)
Асаларичини ўйлантираётган муаммолар. Асаларига эҳтиёж сезаётган табиат...
Бугун, 20 май — «Халқаро асаларилар куни». Демак бу асаларичиларнинг ҳам байрами. Ушбу кун БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган бўлиб, 2017 йилдан буён нишонлаб келинади.
Асалари юз грамм нектар йиғиш учун миллионтача гулга қўнади. Бир килограмм асал тўплаш учун эса тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу эса Ер шарини тахминан ўн марта айланиб чиқишга тенгдир.
Шу билан бирга асалари ҳашаротлар ичида гул шираси (нектар) йиғадиган ягона жонзотдир. Бундан ташқари у гулларни, ўсимликларни чанглатувчи ҳам ҳисобланиб, асалари иштирокисиз улар мева бермайди. Асални фақат даромад манбаи ёки ширин, шифобахш егулик сифатида қабул қиламиз. Аммо асаларининг экологияга, табиатга ёрдами қандай? Экологиянинг бузилиши, иқлим ўзгариши асалари популяциясига қанчалар таъсир қилади? Умуман Ўзбекистонда асаларичилик соҳасида қандай янгиликлар кутилмоқда. Асаларини ва асаларичиларни қандай муаммолар қийнамоқда ва унга қандай ечимлар изланмоқда? Шу каби саволларимизга асаларичи Дилшод Ортиқов билан суҳбатда жавоб топамиз.
– Асалари деганда ширин ва шифобахш неъмат кўз олдимизга келади...
– Мақсадимиз фақат асаларилардан даромад олиш эмас, балки асалчиликка алоқадор тармоқларни ривожлантирганмиз. Яъни асаларилар уяларини ва асбоб ускуналарни асаларичиларга етказиб ҳам берамиз. ART-BEE-TECH асаларичилик комплексимизда шу соҳага тегишли нимаики бўлса ишлаб чиқарамиз. Асаларичилик менинг ота касбим. Бу соҳа йўлида изланишимга таржимонлик ва молия соҳаларини ўқиб битирганим ҳам қўл келмоқда. Тил билганим учун шу соҳага қандай янгилик бўлса қўллаб кўраман.
Тўғри сиз айтгандек, асалари деганимизда асал, яъни ширинлик кўз олдимизга келади. Асаларининг дунё иқтисодига келтирадиган фойдаси айнан чанглатиш хусусияти борлиги.
– Экологиянинг ёмонлашуви, масалан аномал иссиқ ёки аномал совуқларнинг асаларига қандай таъсири бор?
– Заҳарли пестицидлар кўп қўллангани боис, асаларилар оилалари ҳалокатга юз тутмоқда. Ваҳоланки, 80-90 фоиз ўсимликларнинг кўпайиши, ҳаётий давомийлиги асалариларга боғлиқ. Яъни уларнинг зиммасига дарахту ўсимликларни чанглатиш юмуши юклатилган.
Экологик бузилишлар асалариларнинг ҳаётида дарров акс этади. Айрим паразитларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши асалариларнинг озуқа базаси жуда тез қисқариб кетишига сабаб бўлмоқда.
Яқинда Кун.уз сайтида бир суҳбатнинг гувоҳи бўлдим. Асалариларнинг қирилиб кетишига асосий сабаб қилиб глобал исишни кўрсатишмоқда. Яъни бу билан бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди дейишмоқда. Мен эса асалариларнинг камайиб кетишига яйловлардан тартибсиз фойдаланиш деб биламан. Агар адашмасам яйловларнинг 70 фоизи ишдан чиққан, яъни ўзини ўзи тиклаб ололмаяпти. Сабаби чорвага катта эътибор берилмоқда. Ва бунинг оқибатида яйловлардаги маданий ва ёввойи ўсимликлар ўзини тиклаб ололмаяпти. Яйловларнинг қайта тикланишига фурсат бермасдан чорва кўпайиб кетаётгани ҳам уларни ҳалокатга олиб келмоқда.
Асалариларнинг озуқаси баҳорда дарахтлар, июль-август ойида пахта гули ҳисобланади. Май-июнь ойларида эса асалариларнинг асосий озуқаси табиий яйловлар. Яйловлардаги ўт-ўланларнинг қайта ўсиши, гуллаши ва уруғ тўкиши учун имкон яратмаяпмиз. Бу нафақат асаларилар учун балки, чорванинг ўзи учун ҳам яхши ҳолат эмас. Таклифиниям беришимиз мумкин. Яъни катта-катта яйловларни асалариларга беришимиз керак. Шунда яйловлардаги ўсимликлар чангланиб гуллайди, уруғлайди ва мева тугади. Озиқ-овқат хавфсизлиги занжирида асаларилар жуда катта рол ўйнайди. Агар асалари йўқ бўлиб қолса бу занжир узилади.
– Асалариларга бугун қандай паразитлар хавф солмоқда?
– Глобал иссиқ туфайли жанубдан янги паразит кириб келди. Тошкент вилояти вакили сифатида айтишим мумкинки 70 фоиз асалари оилалари қирилди. Тўғри бу статистик маълумот эмас, афсуски статистик маълумотни юргизадиган ташкилотлар бу билан шуғулланмади. Асалариларнинг ҳалокати нимада кўринади десангиз бу йил боғдорчилик билан шуғулландиган фермерларимизнинг меваларини чанглатадиган асаларилар етишмай қолди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини фаолиятини ёритиб борадиган Uzb_Meteo каналида «Асаларилар қани?» деган фермерларимизнинг муаммолари ёритилган мақола чиқди. Бу йилги совуқни ҳисобга олмаганда олдинги илиқ қишлар паразитнинг ривожланиб яшаши учун яхши шароит бўлди. Энди бизда аномал совуқда шу канадан қутулганмиканмиз, деган умид бор, лекин бу канадан буткул қутулдик дегани эмас. Бунга масъул бўлган ташкилот Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан шу пайтгача илмий ёндошув қилингани йўқ. Ҳар бир асаларичи маъулумотларни алмашиб ўзимизча курашаяпмиз, йўқотиш катта бўлди, яъни чанглатиш муаммо бўлди. Аллақачон бу канага қарши даволаш ва ҳимояланиш чораларини кўришимиз керак эди. Аммо биз асаларичилар ўз билганимизча канага қарши курашаяпмиз. Шахсий хўжалигимизда тажриба қилаяпмиз. Жаҳон тажрибасида қўлланиб турган чумоли кислотасини қўллаяпмиз. Лекин уни ҳар хил ҳудудга ва иқлимга турли меъёрда қабул қилишга тўғри келади. Яъни бу дорини намлик, қуруқликка, ҳатто уя ҳажмига қараб «доза»сини ишлатмасангиз ариларни ўлдириб қўйишингиз мумкин. Яъни стандарт меъёри йўқ. Афсуски «доза»сини нотўғри қўллаб арилар оиласини ўлдириб қўйган пайтларимиз ҳам бўлди. Бу кана Таиланд каби қиш кузатилмайдиган қуруқ об-ҳавога мослашган.
– Кўчма асаларичилик ҳақида гапириб ўтсангиз. Бировнинг боғига, экинзорига кириб боришда муаммо туғилмайдими?
– Гул очилди дегани гул нектар ажратди дегани эмас. Гул очилгач, ҳаво намлиги керак. Ширанинг намлиги меъёрида бўлмаса, нектар йиғиб бўлмайди. Аномал иссиқлар асалариларнинг озуқасига, ўз-ўзидан асаларининг қисқаришига сабаб бўлади. Ўзбекистонда кўчма асаларичилик мавжуд. Биз қаерда гул бўлса ўша ерга кўчамиз. Мени ташвишлантираётган нарса асаларичилик ўзининг жозибадорлигини йўқотаётганлиги. Асалариларга эътиборсизлик туфайли мева камаяди, экспорт салоҳиятимиз камаяди, яшаш турмуш даражаси тушиб кетади. Ҳатто улар қирилса чангланиш бўлмагач ўз-ўзидан яйловдаги ўсимликлар камаяди. Хорижда фермерлар, боғбонлар, тадбиркорлар асаларичиларга яйловини, боғини, дарахтларини, сабзавотларини чанглатиб бергани учун ҳақ тўлайди. Бизнинг фермерларимиз майли ҳақ тўламасин, биз борганда лоақал даласига пестицидларни сепмай турсин. Борган даламиздагилар, полиздагилар огоҳлантирганимиз учун пестицитларни сепмай туриши мумкин, лекин қўшни фермерларга фарқи йўқ, шу пайтлари ҳам биз бир қанча асалари оилалари қирилишига гувоҳ бўламиз ва бу жуда ачинарли.
– Байрам муносабати билан ҳамкасбларингиз ва асаларилар ҳақида яна нима деган бўлардингиз.
– 2017 йилдан буён 3-4 йил давомида 1 декабрдан то 10 декабргача асал байрами ўтказилди. Бу байрамнинг ташкил қилиниши ва ўтказилиши асаларичилик соҳасига жонланиш бағишлади. Асаларичиларга руҳ бағишлади. Ҳатто хориждан келганлар бизнинг асал байрамимиз ва тадбирларимизни кўриб ҳавас қилишди. Аммо ўтган йили асал байрами ўтказилмади, бу эса руҳимизни чўктирди. Ишонасизми, Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган халқаро асаларичилик ташкилоти Апимондиянинг 47 конгрессида Ўзбекистон вакили сифатида (маблағ ажратилмади) якка ўзим бордим. Ва уёқдагилар қани сизларнинг вакилларингиз деб сўрашди. Мен эса Ўзбекистоннинг имиджини ўйлаб, асаларичилик билан боғлиқ тадбирлар шу қадар кўпки, ходимларимиз ўша ёқларга кетишди, деб ёлғон гапиришга мажбур бўлдим...
Асаларилар табиатнинг бир бўлаги. Уларсиз ҳаётни, ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди. Биз асаларичилар ҳар қандай мураккабликларга ва муаммоларга қарамай фақат олға интилишимиз керак, табиат учун, келажак авлод учун.
Журналист Барно Султонова,
Оператор Юнус Маҳмудов,
Монтажчи Шерзод Қаюмов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter