Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ зўравон исроилликларга жазо қўллади

АҚШ зўравон исроилликларга жазо қўллади

Ғарбий соҳилдаги зўравонликлар оқибатида бир неча юз фаластинлик ҳалок бўлди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Ғарбий соҳилда фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этган яҳудийларга нисбатан санкция жорий этди. Reuters агентлиги хабарига кўра, бу АҚШда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу юритаётган сиёсатга норозилик ошиб бораётгани белгисидир.

«Қора рўйхат»га ҳозирча тўрт зўравон (David Chai Chasdai, Einan Tanjil, Yinon Levi ва Shalom Zickerman) киритилган. Улар Ғарбий соҳилда фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган, шунингдек, тинч аҳоли вакилларини калтаклаб, мол-мулкига зиён етказган.

Тақиқ чораларига мувофиқ, Ғарбий соҳилда зўравонлик содир этган яҳудий экстремистларига АҚШ виза бермайди, уларнинг маблағлари музлатилади. Қўшма Штатлар фуқароларига «қора рўйхат»даги шахслар билан тижорий алоқалар олиб бориш ман этилади.

«Исроил Ғарбий соҳилда тинч аҳоли вакилларига қарши зўравонликларни тўхтатиш ва айбдорларни жазолаш учун кўпроқ чора-тадбирлар кўриши керак», – деб баёнот берган Давлат котиби Энтони Блинкен.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади. 2023 йил  7 октябрь куни Ғазода уруш бошланганидан буён Фаластин халқининг ишғол остидаги ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳам зўравонлик ҳаракатлари авж олган. Таҳлилларга кўра, ўтган қарийб 4 ой ичида мазкур икки ҳудудда Исроил армияси ва яҳудий аҳолининг ҳужуми оқибатида 381 нафар фаластинлик ўлдирилган.

2023 йил декабрь ойида Франция, Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Финляндия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий соҳилда экстремистик кайфиятдаги аҳоли томонидан фаластинликларга ҳужумлар мисли кўрилмаган даражада кўпайганидан чуқур хавотир изҳор қилган ва Тель-Авивдан зўравонликларга чек  қўйишни талаб қилган эди.

Фаластинга нисбатан радикал қарашлари билан танилган Исроил молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазо аҳолисини сургун қилиб, ҳудудни эгаллаш ҳақида очиқ-ошкора баёнотлар бермоқда.

Axios нашри хабарига кўра, Байден маъмурияти ушбу икки вазирга нисбатан ҳам санкция қўллаш имкониятини муҳокама қилган, аммо пировардида бунга журъат қилмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг