АҚШ вице-президенти Фаластин борасида ваъда берди
АҚШ вице-президенти ва демократик партиядан президентликка асосий номзод Камала Ҳаррис Ғазо секторида фаластинликларнинг азобланишига жим қараб турмасликка ваъда берди. Сиёсатчи Оқ уйда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувдан кейин шундай баёнот билан чиқди.
Ҳаррис Нетаняҳу билан музокара пайти Ғазо секторидаги гуманитар вазият юзасидан жиддий хавотир билдирган ва урушни тўхтатиш вақти келганини таъкидлаган.
«Болаларнинг жасадлари, хавфсиз жой топиш илинжида зир югураётган, иккинчи, учинчи ёки тўртинчи бор бошпанасини тарк этаётган одамлар акс этган кадрлар... Биз тинч аҳоли вакиллари уқубат чекаётган даҳшатли ҳақиқатдан юз ўгира олмаймиз. Азобларни кўриб кўрмасликка олишни ўзимизга маъқул деб билмаймиз. Мен бу борада сукут сақламайман», – деган К.Ҳаррис.
Вице-президент Исроил ўз-ўзини мудофаа этишга ҳақли экани, Вашингтон Тель-Авивни қўллаб-қувватланишини урғулаган. Айни чоқда, у Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганидан кўз юмиб бўлмаслигини айтган.
«Келинг, битим имзолаб, ўт очишни тўхтатайлик ва урушни якунлайлик. Келинг, асирларни уйларига қайтариб, Фаластин халқига зарур кўмакни кўрсатайлик. Мен пировардида зиддият икки давлат ташкил этиш концепцияси асосида ҳал этилиши борасидаги қарашда собитман», – деган вице-президент.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 24 июль куни АҚШ Конгрессида маъруза қилди. Ҳаагадаги Халқаро маҳкама прокурори томонидан Ғазо секторида қирғин содир этишда айбланиб, қамоққа олиниши талаб этилган сиёсатчининг Қўшма Штатлар қонунчилик идорасида нутқ ирод қилиши кўп сонли демократлар томонидан бойкот қилинди.
Ҳаррис ва Нетаняҳу учрашуви бўлаётган пайтда ҳам Оқ уй қаршисида норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
АҚШ раҳбарияти Ғазо секторида уруш бошланган 2023 йил 7 октябрдан буён Исроилни ҳам ҳарбий, ҳам моддий, ҳам сиёсий жиҳатдан дастаклаб келмоқда. Бу ҳол АҚШда сиёсий қутблашувни кучайтирмоқда. Исроилни бир томонлама қўллаб-қувватлашни бас қилиш чақириқлари тобора баландроқ овозда янграмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter