Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара келишувини олқишлайди – Энтони Блинкен

АҚШ Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара келишувини олқишлайди – Энтони Блинкен

12 декабр, душанба куни Вашингтонда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норовнинг АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашуви олдидан матбуот учун қисқа баёнот берилди.

Унда АҚШ Давлат котиби Владимир Норовга ташриф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг минтақадаги роли, жумладан, Қирғизистон билан чегара ҳудудларини белгилаб олганини Қўшма Штатлар қўллаб-қувватлаши ҳақида тўхталди.

«Биз стратегик ҳамкорлик бўйича мулоқотимизни давом эттирмоқдамиз, мен бундан жуда мамнунман.

Мен, ҳар доимгидек, АҚШнинг Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор таъкидлайман. Қирғизистон билан чегарани демаркация қилиш бўйича келишувга эришган Ўзбекистонни чин дилдан олқишламоқчиман. Ўйлайманки, бу минтақадаги ва ундан ташқаридаги кўпчилик учун чегара муаммоларини ҳал қилишда дипломатик йўллар муҳимлигини яна бир бор исботлайди.

Шунингдек, ислоҳотлар, жумладан, диний эркинлик, мажбурий меҳнат бўйича олиб борилаётган ишни ҳам қадрлайман. ШУ билан бирга Афғонистон бўйича ҳам муҳокама қиладиган мавзуларимиз бор», – дейди Энтони Блинкен.

Владимир Норов ҳам, ўз навбатида, илиқ кутиб олингани учун АҚШ расмийсига миннатборчилигини изҳор қилди ва жорий йил Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик ҳамкорликнинг 20 йиллиги нишонланаётганига урғу берди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация 12 декабрда Вашингтонгга келган эди. Делегация 14 декабргача Америка Қўшма Штатларида бўлади.

Ўзбек делегацияси Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг