АҚШ жосуслик хизмати раҳбарлигига Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган дипломат номзоди илгари сурилди
АҚШ Давлат департаменти тизимида 33 йил давомида фаолият юритган профессионал дипломат Уильям Бёрнс Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбарлигига номзод этиб кўрсатилди. Бу ҳақда АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден жамоаси маълум қилди.
«Элчи У.Бёрнс инқирозлар даврида синовдан ўтган давлат хизматчиси, у ўз ҳаётини америкаликлар хавфсизлиги ва фаровонлигига бағишлаган», — дейилади Байден жамоаси тарқатган баёнотда.
Қонунчилик идораси У.Бёрнс номзодини маъқуллагудек бўлса, у жосуслик хизматига раҳбар этиб тайинланган илк профессионал дипломат сифатида тарихга киради.
64 ёшли дипломат АҚШнинг Россия ҳамда Иорданиядаги элчиси бўлиб ишлаган. Бир неча йил давомида Давлат котибининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. У ҳам демократ, ҳам республикачи президентлар даврида юқори рутбада фаолият юритган саноқли дипломатлар сирасига киради. 2014 йилда 33 йиллик дипломатлик карьерасини якунлаб, Давлат департаменти тизимини тарк этган. Ҳозирга қадар Карнеги жамғармаси президенти сифатида ишлаб келаётган эди.
2013 йилда «Atlantic» журнали У.Бёрнснинг мамлакат ташқи сиёсатининг энг муҳим ва мураккаб масалаларини ҳал этишдаги хизматларини алоҳида эътироф этиб, «АҚШ дипломатиясининг махфий қуроли» деб атаган. У, масалан, бундан бир неча йил аввал Эрон билан ядро дастури бўйича муҳим битим имзоланишида воситачи ролини бажарган.
«The Washington Post» газетаси шарҳловчиси Дэвид Игнатус У.Бёрнсни ташқи сиёсат бўйича ўзи мансуб авлоднинг энг пешқадам вакили деб таърифлаган. Ҳамкасблари унинг вазминлиги ва мушоҳадакорлигини алоҳида эътироф этади.
Қайд этиш жоизки, кўпчилик МРБ раҳбарлигига махсус хизмат тизимида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган Майкл Морелл тайинланишини кутаётган эди. Бу жиҳатдан, У.Бёрнс номзоди кўпчилик учун кутилмаган бўлди.
Таҳлилчиларга кўра, Ж.Байден томонидан МРБ тизимига бегона бўлган шахснинг раҳбар этиб тайинлаши холислик ва мустақил ёндашувни таъминлайди. Қолаверса, У.Бёрнс бирор бир партияга мансуб бўлмаган дипломат сифатида ҳозирги сиёсий тафриқа даврида МРБда жипсликни тиклаши ҳам кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, У.Бёрнс АҚШ Давлат департаментининг юқори рутбадаги мулозими сифатида 2009, 2012 ва 2014 йилларда Ўзбекистонга ташриф буюрган ва президент Ислом Каримов билан музокаралар ўтказган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter