Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ жосуслик идораси раҳбари Россия Украинада қанча аскар йўқотганини очиқлади

АҚШ жосуслик идораси раҳбари Россия Украинада қанча аскар йўқотганини очиқлади

Фото: Reuters

АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс Россиянинг Украинадаги инсоний талафотларини баҳолади, деб хабар беради Reuters ахборот агентлиги.

Жосуслик идораси бошлиғига кўра, Украинада уруш бошланган 24 февралдан буён 15 минг рус аскари ҳалок бўлди. Жароҳатланлар сони эса қарийб 45 минг кишини ташкил этади. У.Бёрнс Украина ҳам йўқотишларга учраётгани, аммо ҳалок бўлган ҳарбийлар сони камроқ эканини қайд этган.

Украинада қанча рус аскари ҳалок бўлгани борасида турли тахминлар мавжуд. Буюк Британия разведкаси июнь ойида Россия қуролли кучлари 15-20 минг аъзосидан айрилгани ҳақида хабар берган эди. Украина қуролли кучли бош штаби эса жорий йил 24 февралдан 20 июлга қадар душман армиясининг 38750 аъзоси йўқ қилингани ҳақида маълумот тарқатди. 

Россиянинг ўзида ҳалок бўлган аскарлар ҳақидаги маълумот давлат сири даражасида яширин тутилади. Москва жорий йил 24 мартда 1351 аскар ҳалок бўлгани ҳақида расмий маълумот берган, холос. Ўшанда ҳам таҳлилчилар бу рақам камайтириб кўрсатилганини тахмин қилган.

Аввалроқ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс президент Владимир Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

Эслатиб ўтамиз, У.Бёрнс МРБ раҳбарлигига ўтгунга қадар Давлат департаментининг юқори рутбадаги мулозими сифатида 2009, 2012 ва 2014 йилларда Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг