АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатишга қарши – Блинкен
АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатишга қарши. Қўшма Штатлар бу ҳудудда ҲАМАС мағлуб этилмасдан, муаммолар «абадий қолади», деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 10 декабр куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ABC телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
«ҲАМАС ҳали ҳам фаол бўлган ва 7 октябрдаги воқеаларни такрорлаш ниятини маълум қилиб турган ҳозирги шароитда ўт очишни тўхтатиш шунчаки муаммони давом эттиради», – дейди Блинкен.
У Қўшма Штатлар асирларни алмашиш ва ёрдам етказиш учун ҳарбий ҳаракатларда қисқа муддатли гуманитар танаффусларни қўллаб-қувватлаётганини эслатиб ўтган. Шунингдек, агар ҲАМАС «қуролларини ташлаб, таслим бўлса» уруш «эртага» тўхтатилиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Фаластин анклавидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирувчи резолюция қабул қилинишига тўсқинлик қилиш учун вето ҳуқуқидан фойдаланган эди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш резолюцияси бажарилмагани БМТ Хавфсизлик Кенгашининг нуфузига путур етказганини айтган. Жаҳон ташкилоти бош котибининг таъкидлашича, «икки ойлик ҳарбий амалиётларда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони мисли кўрилмаган даражага етган».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter