Антарктидани сунъий қор билан сақлаб қолиш таклиф қилинмоқда
Сайёрамизни глобал исиб кетишдан сақлаб қолиш учун олимлар ажабтовур ташаббуслар билан чиқишмоқда. Ер қизишини сульфат аэрозоллари ёрдамида камайтиришни таклиф қилган гарвардлик олимларнинг ортидан Тасмания университети гляциологлари ҳам ўз стратегиясини илгари суришди: Антарктидани 74 триллион тонна сунъий қор билан қоплаш керак. Бу ҳақда «Gizmodo» ёзяпти.
Яқинда ўтказилган тадқиқотлар океанларнинг илиқ сувлари Ғарбий Антарктиданинг қирғоқбўйи музликлари емирилишини тезлатаётганини кўрсатди. Агарда музликлар эриб битса, дунё океани сув сатҳи қарийб 3 метрга кўтарилади — бу қирғоқбўйи шаҳарлари учун фалокат.
Ана шундай бўлмаслиги учун олимлар музликларни сунъий қор билан иҳоталашни таклиф этишди. Моделлаштириш натижалари кўрсатишича, агарда 10 йил давомида ҳар йили 10 метрдан қалинликда қор тўшаб борилса музликларнинг эришини тўхтатиш мумкин экан. Бунча миқдордаги музни ҳосил қилиш учун океаннинг чучуклаштирилган сувидан тайёрланган 74 триллион тонна сунъий қор керак!
Хуллас, амалда уддалаш жуда оғир вазифа. Масалан, ҳозирги энг зўр сунъий қор тайёрловчи машиналар бир дақиқада 20 тоннагача қор тайёрлай олади. 74 триллион тонна қорни тайёрлашга эса 700 000 йил кетади! Мабодо янада кучлироқ сунъий қор машиналари қурилган тақдирда ҳам уларга жуда кўп, қолаверса, яшил технологияга асосланган ток керак. Океандаги сувни тортиб олиш учун эса 12 мингта шамол турбиналари зарур.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter