Анналена Бербок дунёда адолат ўрнатиш шартини айтди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок «Катта йигирмалик» (G20) давлатларини ўз салоҳиятини Украина ва Ғазо секторидаги инқирозларни бартараф этишга йўналиштиришга ундади.
«Ушбу жиддий инқирозларни бартараф эта олмасак, дунёни янада адолатли қилолмаймиз», – деди олмон бош дипломати Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган «Катта йигирмалик» ташқи ишлар вазирлари учрашувида.
Қайд этилишича, нафақат Украина уруши, балки Яқин Шарқдаги вазият ҳам хавотир уйғотмоқда.
«Ушбу икки урушнинг оқибатларини бу гал ҳам бутун дунёдаги камбағал қатлам ўз танасида ҳис этмоқда», – деди А.Бербок.
Сиёсатчи қонли ихтилофлар тенгсизлик ва қашшоқлик тегирмонига сув қуяётганини урғулади.
«Бугунги кунда дунёдаги ҳар олтинчи бола ўта қашшоқ шароитда яшамоқда. «Катта йигирмалик» вакили, дунёнинг иқтисодиёти ривожланган мамлакатлари сифатида бу ҳолга рози бўла олмаймиз. Агар дунёдаги уруш ва инқирозларга бас кела олмас эканмиз, тенгсизлик билан курашда ғалаба қозониш амримаҳол. Чунки бўҳрон ва урушлар адолатсизликни кучайтиради, бутун дунёда энг ожиз қатлам саналган аёллар ва болаларга зиён етказади. Шу тариқа адолат тантанаси, одил дунё қуриш орзусига тўсқинлик қилади», – деди Германия вазири.
Сиёсатчи «Катта йигирмалик» аъзоси бўлган Россия икки йилдан буён Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бораётганини қоралади.
Ғазо секторида ҳалокатли гуманитар вазият юзага келгани, юз минглаб одамлар озиқ-овқат ва сувга муҳтож эканини хавотир билан қайд этди.
«Бу уқубатларга ҳозироқ чек қўйиш керак», – деди у.
Қашшоқликка қарши кураш, иқлимни ҳимоя қилиш, адолатни ўрнатиш айнан Украина ва Яқин Шарқда тинчлик барқарор бўлишига боғлиқ эканини таъкидлаган А.Бербок халқаро ҳамжамиятни сўздан амалий ишга ўтишга даъват қилди.
Германия ташқи ишлар вазири аввалроқ БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти каби халқаро тузилмалар фаолияти адолат тамойили асосида, глобал янгиланишларга ҳамоҳанг равишда ислоҳ қилиниши кераклиги ҳақида гапирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter