Алишер Усмоновнинг «Дилбар»и Гамбургдан Бременга олиб кетилди
Германия ҳукумати Алишер Усмоновнинг «Дилбар» яхтасини Гамбург портидан Бременга ўтказди. Бу ҳақда T-online хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, кеманинг бошқа жойга кўчирилиши сабабларидан бири бўш жой етишмаслигидир. Чунки яхта катталиги боис Гамбург портида жуда кўп жойни эгаллаб турган.
Гамбургдаги бош божхона бошқармаси матбуот котиби яхтанинг кемасозлик заводи томонидан Бременга кўчирилаётганини маълум қилган.
«Яхтанинг бошқа жойга кўчирилиши расмийлар томонидан назорат қилинмоқда. Бу ҳеч қандай санкция қоидаларини бузмайди», – деган расмий.
Эслатиб ўтамиз, Иккита вертолёт майдончаси ва катта сузиш ҳавзасига эга ҳашаматли яхта апрел ойида Россиянинг Украинадаги уруши муносабати билан Европа Иттифоқи санкциялари доирасида Германияда ҳибсга олинган эди.
Айрим манбаларда унинг тахминий қиймати 500 миллион евро экани айтилади.
Шунингдек, айни вақтда яхтанинг ҳақиқий эгасини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Тахминларга кўра, Усмонов дастлаб яхтага эгалик қилган бўлса-да, кейинчалик 2017 йилда ўз активларини билвосита синглиси Гулбаҳор Исмоиловага ўтказиб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter