Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аҳоли бир ёшга «ёшаради» — Жанубий Корея

Аҳоли бир ёшга «ёшаради» — Жанубий Корея

Фото: TRT World

Корея Республикаси Миллий ассамблеяси инсон ёшини аниқлашнинг анъанавий тизимларидан воз кечиш кўзда тутилган ўзгартишларни қабул қилди. Барча юридик ва маъмурий соҳаларда халқаро тан олинган тизимга ўтилади.

Жанубий Кореяда инсон ёшини аниқлашнинг уч тизимидан фойдаланилмоқда.

Биринчи — «корейсча анъана»га кўра, бола туғилганида 1 ёшда бўлади. Шунинг баробарида, Ой тақвими бўйича янги йилнинг биринчи кунида одамнинг ёшига яна бир ёш қўшилади. Масалан, бола 2022 йилнинг 8 декабрида туғилса, у 1 ёшда бўлади, Ой тақвими бўйича янги йилнинг биринчи кунида 2 ёшга тўлади.

Иккинчи анъанага кўра, бола туғилганида ёшга тўлмаган бўлади, бироқ ҳар йили 1 январдан ёшига ёш қўшиб борилади. Бу тизим одатда тамаки чекиш ёки алкогол истеъмол қилишга доир ёш чекловлари амал қилинадиган соҳаларда ишлатилган.

Учинчиси — халқаро тизим. Бола туғилганида нул ёшда (ёшга тўлмаган) бўлади, ҳар туғилган кунида ёшига ёш қўшиб борилади.

Жанубий Кореяда ҳужжатларни расмийлаштириш ишларида одамлар қайси тизим бўйича ёшларини кўрсатишгани кўпинча ортиқча муаммоларни келтириб чиқараётганди. Бир йўла ёшга доир уч тизимнинг қўлланилиши фуқароларга турли хизматларни кўрсатишда чалкашликларни келтириб чиқарар, қайта тузатишларга ортиқча харажатлар қилинарди. Муаммо жиддийлигидан, ҳозирги президент Юн Сок Ёл сайловолди дастурига уни ҳам киритиб, ягона тизимга ўтишни ваъда қилганди.

Янги қабул қилинган қонунга кўра, 2023 йилнинг июнидан мамлакатда расмий ҳужжат алмашишда фақат халқаро тизим қўлланилиши бошланади, бу эса Жанубий Корея фуқаролари бир ёшга «ёшариш»ларини англатади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг