Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистонда австралиялик махсус кучларнинг яширин қотилликлари фош бўлди

Афғонистонда австралиялик махсус кучларнинг яширин қотилликлари фош бўлди

Фото: «Department of Defence»

Австралиянинг элита ҳарбийлари афғонларни шунчаки ўлдиришган, дейилади Мудофаа вазирлиги вакили генерал-майор Пол Беретон ҳисоботида. Бу ҳақда «The Canberra Times» хабар берди.

Текширув чоғида Австралия контингентининг SAS (Махсус ҳаво-десант хизмати полки) бўлинмасидаги ҳарбий хизматчилар жанг майдонидан ташқарида камида 39 нафар афғонни ўлдиришгани аниқланди. Ушбу айбловлар 400 нафар гувоҳнинг кўрсатмаларига асосланган.

Қайд этилишича, 2009 — 2013 йилларда патруль командирлари сафга янги қўшилган аскарларга тезроқ мослашишлари учун афғонларни шунчаки ўлдиришни буюришган. Ҳарбий асирлар, деҳқонлар, тинч аҳоли уларнинг қурбонига айланишган. Австралияликлар афғонларни ҳарбий ҳаракатлар пайтида ҳалок бўлишди, деб алдаб сабабсиз қотилликларни яширишга уринишган. 19 кишига нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди, SAS батальонларидан бири эса тарқатиб юборилади.

Австралия элита ҳарбийлари 39 нафар афғонни шунчаки ўлдириб юборишган.

Халқаро қонунчиликка кўра, махсус кучлар ҳаракатига ҳарбий жиноят сифатида қаралади. Қуролли кучлар олий қўмондонлиги бундан бехабар эканлигини таъкидламоқда. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти юзага чиққан далилларни шармандалик деб атаган.

Австралия ўз қўшинини 2001 йилда Афғонистонга юборган. Охирги жанговар бўлинмалари эса 2013 йилда мамлакатдан олиб кетилган. Ҳарбий ҳаракатларда жами 25 минг австралиялик ҳарбий хизматчи қатнашган. Улардан 40 нафари ҳалок бўлган, яна 261 нафари жиддий жароҳатланган. Ушбу операция Австралия тарихидаги энг узоқ давом этган хориждаги кампанияга айланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг