Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокатлар Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун сўров йўлламоқчи

Адвокатлар Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун сўров йўлламоқчи

Жиль Деверс Фаластин манфаатларини ҳимоя қилаётган ўнлаб адвокатлардан бири.

Исроил томонидан Ғазода геноцид жинояти содир этилганини тасдиқловчи далиллар кўп ва шунга кўра халқаро адвокатлар гуруҳи яҳудий давлати бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш бўйича сўров йўлламоқчи. Бу ҳақда Anadolu агентлигига Халқаро жиноий судда Фаластин манфаатларини ҳимоя қилаётган франциялик адвокат Жиль Деверс маълум қилган.

Адвокатга кўра, маълум бир аҳоли жамоасининг яшаб қолишига қарши жиноятлар геноцид деб малакаланади.

«Юриспруденция шундай тушунтиради: аҳоли сув ва электр энергиядан маҳрум қилинса, озиқ-овқат чекланиб, очлик юзага келтирилса, тиббий хизматдан фойдаланишга тўсқинлик қилинса, шифохоналарга ҳужум уюштирилса, тураржойлар бомбаланса ва одамлар мажбурий равишда кўчирилса, геноцид амалга оширилган ҳисобланади», – дейди француз ҳуқуқшуноси.

Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказяпти. Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган дунё ҳамжамияти Исроилдан халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда. Хусусан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урди.

2,3 миллион нуфусли Ғазо сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган.

БМТнинг махсус маърузачиси Балакришнан Ражгопал Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида Ғазода юзага келган вайронагарчиликларни халқаро жиноят деб атаган.

Маърузачи аҳоли уйлари, шифохоналар, тез ёрдам машиналари, мактаб, масжид, черков ва қочқинлар лагерлари бомбардимон қилинаётганини қоралаган.

Адвокат Жиль Деверс Ғазодаги вазиятни расман геноцид деб тан олинган, 8600 кишининг ўлимига олиб келган Сребреница фожиасидан ҳам оғирроқ эканини таъкидлаган.

Халқаро ташкилотлар Исроил армияси 10 ва 11 октябрь кунлари Ғазо сектори ҳамда Ливан ҳудудига оқ фосфор бомбасини ташлагани ҳақида хабар берган эди.

Француз адвокати ушбу ҳолатни ёдга олар экан, оқ фосфор қўлланиши ҳарбий жиноят эканини қайд этган. 

Аввалроқ Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти АҚШ ва Европа мамлакатлари Фаластин–Исроил зиддияти борасида иккиюзламачилик қилаётгани ҳақида баёнот берган эди.

Таъкидланишича, агар Ғарб давлатлари ўзлари ҳамиша байроқ қилган инсон ҳуқуқларига чиндан ҳам содиқ бўлса, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий жиноятларига ҳам қарши чиқиши шарт.

Франциялик ҳуқуқшунос ҳам Ғарбга нисбатан айни шу айбловни илгари сурган. Унга кўра, қийинчилик ва тўсқинликларга қарамай, халқаро адвокатлар Фаластиндаги жиноятлар учун жавобгарлик масаласини ҳал этишга ҳаракат қилади.

Маълумот ўрнида,  Туркия, Германия, Буюк Британия, Франция, Марокаш, Мавритания, Бразилия, Канада, Чили, Гватемала, Мексика, Қатар, Иордания, Баҳрайн, Миср, Япония, Покистон каби давлатлардан ўнлаб адвокатлар халқаро маҳкамада Фаластин ҳуқуқларини ҳимоя қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг