Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абрамович Украина уруши арафасида молиявий ҳийла ишлатгани маълум бўлди

Абрамович Украина уруши арафасида молиявий ҳийла ишлатгани маълум бўлди

Архив фото. Абрамович оила аъзолари билан. 2003 йил

Россиялик олигарх Роман Абрамович 2022 йилнинг февраль ойи бошида, Украинага босқин бошланишидан 3 ҳафта аввал камида 4 миллиард доллар бойлигини фарзандлари номидаги жамғармаларга ўтказган. Бу ҳақда Буюк Британиянинг The Guardian газетаси хабар берди.

Таҳририят Абрамовичнинг молиявий активларини 20 йил давомида бошқариб келган MeritServus офшор идораси махфий ҳужжатларини қўлга киритган. Ҳужжатлар таҳлилига кўра, тадбиркор уруш бошланиши арафасида кўчмас мулк, суперяхта, вертолёт, самолёт каби бойликларини ошиғич равишда фарзандлари номига ўтказган.

2022 йил февраль ойига қадар Абрамович Кипр ва Жерси оролларидаги камида 10 та ширкатнинг ягона бенефициари бўлган. 4 февралдан эса мазкур ширкатлар унинг 7 нафар фарзанди назоратига ўтган.  Масалан, қайта ташкил этиш жараёнида A Corp траст ширкатининг 51 фоиз акцияси Абрамовичнинг фарзандлари ихтиёрига берилган. Grano Trust, Zeus Trust, Zephros Trust, Proteus Trust, Perseus Trust каби ширкатларда ҳам ана шундай ўзгаришлар амалга оширилган.

Таҳлилчилар Роман Абрамовичнинг ушбу қадамини молиявий ҳийла дея баҳоламоқда. Гап шундаки, Кремль Украинага уруш очиши ҳақида тахминлар майдонга чиққан илк кезларданоқ Ғарб мамлакатлари россиялик олигархларга қарши санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилган эди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқ санкцияга тушган шахс муайян компаниянинг 50 фоиз ёки ундан кўпроқ акциясига эгалик қилса, унинг активлари музлатилиши мумкин.

2022 йил 10 март куни Буюк Британия, 15 мартда эса ЕИ Роман Абрамовичга нисбатан санкция жорий қилган.

The Wall Street Journal ўшанда Украина президенти Владимир Зеленский билан маслаҳатлашувдан кейин АҚШ раҳбари Жо Байден Абрамовични «қора рўйхат»га тиркашдан тийилгани ҳақида ёзган эди. Бизнесмен Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларида норасмий воситачи ўлароқ кўрилган.

2022 йил 19 декабрь куни Канада ҳукумати Абрамовичга тегишли Granite Capital Holdings ширкатининг 26 миллион долларлик активларини ҳибсга олиш ва мусодара қилиш жараёни бошланганини маълум қилди.

The Guardian газетаси фош қилган ҳолат олигархнинг фарзандларига ҳам санкция жорий қилиш лозимми деган саволга кун тартибига чиқарди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг