300 килоли одамни кран ёрдамида уйидан олиб чиқишди
Франция жанубидаги Перпиньян шаҳрида бир неча соат давом этган операция чоғида қутқарувчилар оғирлиги 300 кг бўлган эркак кишини квартирасидан олиб чиқиш учун қурилиш кранидан фойдаланишга мажбур бўлишди, дея хабар берди маҳаллий «France3 Occitanie» телеканали.
Октябрь ойининг охирида Перпиньянда яшовчи ортиқча вазндан қийналаётган одам бир йилдан бери ўзининг квартирасидан чиқолмай қолгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Унинг адвокати эса ички ишлар вазири Жеральд Дарманенга арз қилди.
Ален исмли киши 2019 йил июлдан бери шаҳар маъмуриятидан мадад кутган. Ўшанда у йиқилиб, сонини синдириб олган. Шу-шу уйига қамалиб қолган.
Сешанба куни бўлиб ўтган қутқарув операциясида полициячилар, ўт ўчирувчилар, тиббиёт ходимлари ва шаҳар ҳокимлиги расмийларидан иборат 50 тача киши қатнашди. Аленнинг уйи тор кўчада жойлашгани операцияни янада қийинлаштирди. Уй фасадини қисман бузиш ҳисобига квартирасининг деразасини кенгайтиришга тўғри келди. Шу уйда яшовчилар эса вақтинча хавфсиз жойга кўчирилди.
Операция бошлангандан сўнг тўрт соат ўтгач Аленни махсус контейнерга жойлаштиришди. Кейин эса кран ёрдамида кўтариб олиб чиқишди. Контейнер ерга туширилган заҳоти уни тез ёрдам машинасига ўтказишди. Ален Монпелье шаҳар шифохонасига етказилди.
Ҳар томонлама тиббий текширув ва зарур муолажалардан сўнг Ален Тулузадаги ортиқча вазндан қийналаётганлар учун ихтисослашган марказга жойлаштирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter