298 кишининг ўлимига алоқадор ҳарбий Россия президентлиги учун курашмоқчи

Россия Федерал хавфсизлик хизмати собиқ офицери, экстремизмда айбланиб ҳибсга олинган Игорь Стрелков (Гиркин) 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида номзод сифатида қатнашмоқчи.
Қамоқхонадан мактуб йўллаган маҳбус ўз тарафдорларини имзо йиғишга ҳозирланиш ва сайлов кампаниясини бошлашга даъват қилган.
«Бу ички ва ташқи таҳдидларга қарши бирлашув учун имкониятдир», – деган у.
Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён И.Стрелков мамлакат раҳбарияти, хусусан, президент Владимир Путинни танқид қилиб келмоқда. У жорий йил 21 июль куни ижтимоий тармоқлардаги танқидий постлари сабаб экстремизмда айбланиб ҳибсга олинган. Айбланувчи мақоми президентлик сайловига ўз номзодини қўйишга тўсқинлик қилмайди.
Россияда президентлик сайлови 2024 йил 17 март куни ўтиши режалаштирилган.
Игорь Стрелков 2014 йилдан Украина шарқидаги россияпараст айирмачи кучларга бошчилик қилган. Бир муддат тан олинмаган Донецк халқ республикаси «мудофаа вазири» лавозимида фаолият юритган.
И.Стрелков «қўли қон» ҳарбий деб таърифланади. Ҳаага суди И.Стрелков ва унинг қўл остидаги икки ходимни 2014 йилда Малайзияга қарашли «Боинг»да (MH17 рейси) учаётган 298 йўловчининг ўлимида айбдор деб топган ва уларни сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter