Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

28 йил қамоқда ўтирган америкалик оқланди

28 йил қамоқда ўтирган америкалик оқланди

Ламар Жонсон.

Фото: Christian Gooden / Pool St. Louis Post-Dispatch / AP

АҚШда 28 йил қамоқда ўтирган Ламар Жонсон оқланди.

Жонсон 1994 йилнинг октябрида, Маркус Бойдни ўлдирганликда айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди. Бойдни ўз уйи ёнида ниқобли икки киши отиб кетган. Полициянинг тахминича, қотилликка наркотиклар савдосидан тушган пуллар устидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

Жонсон аввал-бошданоқ айбсизлигини, қотиллик юз берган вақтда севган қизи билан бир неча километр олисда бўлганини исботлашга уриниб келган.

Жиноят иши бўйича гувоҳлардан бири Жеймс Элкинг полицияга дастлабки кўрсатмасида ҳужум қилганларни таний олмаганини айтганди. Кейинги кўрсатмасида эса Жонсонни тилга олган.

Жонсонга қарши далиллардан яна бири қамоқхона қўриқчиси «тасодифан» эшитиб қолган суҳбат. Унинг айтишича, камерада сақланаётган Кэмпбелл ёки Жонсон «оқ танли йигитни отиб ташлаш керак эди» деган, қўриқчининг фикрича, Элкинг (гувоҳ) назарда тутилган.

Охир-оқибат олис 1994 йилнинг кузида Миссури штати суди Ламар Жонсон айбдор деб топиб, бир умрга озодликдан маҳрум этди. Қизиғи, иккинчи гумонланувчи Фил Кэмпбелл, айбига иқрор бўлгани учун, енгилроқ жазога лойиқ кўрилди — етти йил қамоқ.

Кейинчалик, шу иш билан шуғулланган Сент-Луис округи прокурори офиси аниқлашича, гувоҳ Элкингга босим ўтказилган, кўрсатма беришга розилиги учун унга камида 4 минг доллар тўлашган.

Кеча, 14 феврал куни Миссури штати судяси Ламар Жонсонга 28 йил аввал ўқилган айблов ҳукмини бекор қилди. Судя Дэвид Мейсон ушбу қарорни айблов учун далиллар етарли даражада ишончли эмаслиги билан изоҳлади.

Ҳақиқат эгилади, аммо... 22 ёшида панжара ортига ташланиб, 50 ёшида чиқарилган Ламар Жонсон...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг