2021 йилнинг энг яхши фотолари эълон қилинди
World Press Photo — фотожурналистлар учун энг нуфузли йиллик мукофотдир. Бу йил ғолиблар янги қоидалар бўйича танланди.
Танлов ташкилотчилари олтита ҳудудни аниқладилар, уларнинг ҳар бирида ҳакамлар ҳайъати аъзолари тўртта номинация бўйича энг яхши фотосуратчиларни аниқладилар.
Кейин минтақавий ғолиблар орасидан глобал ғолиблар танланди. 2021 World Press Photo ғолиблари 7 апрел куни эълон қилинди.
Йил фотоси
Йўл бўйлаб хочларда осилган болалар либослари. Бу Канаданинг Камлупс шаҳридаги мактаб-интернатда ҳалок бўлган болалар хотирасига бағишланган ёдгорликдир. 2021 йил май ойида маҳаллий халқлар вакиллари (ҳиндулар) учун жойлашган мактаб ҳудудидан 215 нафар боланинг жасади топилган. Сурат 2021 йил 19 июнь куни олинган.
Маълумот учун: бундай мактабларда 1863-1998 йиллар оралиғида Канада туб халқларининг 150 000 дан ортиқ фарзандлари ўқишган. Бу болалар ўз оилаларидан ажратилган, уларга ўз она тилида гаплашиш ва маданий урф-одатларига амал қилиш тақиқланган, яхши овқат берилмаган, зўравонлик, мажбурий меҳнатга дучор бўлганлар. 2015 йилда Канада ҳукумати маҳаллий халқларни мажбурий ассимиляция қилиш сиёсатини «маданий геноцид» деб тан олди ва 2017 йилда бош вазир Жастин Трюдо бунинг учун расман узр сўради.
Йилнинг энг яхши фото ҳикояси
Наварддекен қабиласи вакиллари Австралия шимолидаги Арнем-Ленде ярим оролида ўтларни ёқиб юбормоқда.
Австралиядаги маҳаллий халқлар минг йиллар давомида ўсимликларни назорат остида ёндириб келишган. Улар шу тарзда кучли ўрмон ёнғинларининг олдини олишган.
Минтақавий номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар
Осиё: энг яхши фото
Фаластин-Исроил можаросининг қайта кучайиши вақтида Ғазо секторидаги Байт-Лахия шаҳрида болалар шам ёруғида ўтиришибди.
Бу 2021 йилнинг май ойи бошида юз берди ва тахминан икки ҳафта давом этди. Кейин томонлар сулҳ эълон қилди. ЮНИСEФ маълумотларига кўра, Ғазо секторида бу икки ҳафта давомида 67 нафар бола ҳалок бўлган. Сурат 2021 йил 25 майда олинган.
Осиё: энг яхши фото ҳикоя
Кобулдаги «Ариана» кинотеатри, Афғонистондаги бошқа кинотеатрлар сингари, 2021 йил августда «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан сўнг ёпилди.
Кинотеатрда ишлаган ходимлар маош олиш умидида ишга қатнашда давом этишган. Аммо «Ариана» киносаройининг биринчи аёл раҳбари — Асита Фирдавсни у ерга киритмай қўйишди.
Европа: энг яхши фото
Грециянинг Эубея оролида яшовчи Панаиота Крициопи уйига ўрмон ёнғинлари яқинлашаётгандан даҳшатга тушди.
Эубеяда ёнғинлар 2021 йил август ойида бошланган. У бир неча ҳафта давом этиб, орол ўрмонларининг учдан бир қисмини йўқ қилди. Панаиота Крициопининг уйи охир-оқибат ёнғиндан зарар кўрмаган. Сурат 2021 йил 8 августда олинган.
Европа: энг яхши фото ҳикоя
2021 йилда кучли ўрмон ёнғинлари нафақат Грецияда, балки Ёқутистонда ҳам содир бўлди.
Ёнғин минтақадаги 260 миллион гектар ўрмоннинг катта қисмини йўқ қилди, бу Ирландия ёки Грузия давлати ҳудудига тенг. «Гринпис Россия» маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Ёқутистондаги ўрмон ёнғинлари кўлами, умуман, Россиянинг тайга ўрмонларида доимий равишда ўсиб бормоқда.
Жанубий Американинг энг яхши фотоси
Полиция ходимлари Колумбиянинг Рисаральда минтақасидаги Сан-Исидро аҳоли пунктидан одамларни кўчириш вақтида эркакни қўлга олишга ҳаракат қилмоқда. Сурат 2021 йил 3 мартда олинган.
2021 йил март ойидан темир йўл қурилиши туфайли одамлар Сан-Исидродан қувиб чиқарила бошланди. Бу жиддий норозиликларга сабаб бўлди. Шундан сўнггина расмийлар Сан-Исидро аҳолисига янги уй-жой ва товон пули ваъда қилди. Улар вақтинчалик бошпаналарга кўчирилган, бироқ ҳанузгача уларнинг доимий яшаш жойи йўқ.
Жанубий Американинг энг яхши фото ҳикояси
2020 йил август ойида Буэнос-Айреслик 12 ёшли Антонелла узун сочларини коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган мактаблар қайта очилса кесишга ваъда беради.
Қиз қарийб бир йил уйида ўқиди ва 2021 йилнинг сентябрида, мактабга қайтиш олдидан ваъдасини бажаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter