1973 йил: аэропортдаги террорчи ўқувчилар
Оддий милиция ходими Александр Попрядухиннинг жасорати узоқ вақтгача сир тутиб келинган. Гарчанд Попрядухин 1973 йилда хизматига яраша тақдирланган бўлса-да, у ҳақида фақат 2000-йилларнинг бошида гапира бошладилар.
Ўқувчи-террорчилар
Ҳаммаси 1973 йилнинг куз ойида ўтказиш режалаштирилган Тинчликсевар кучлар конгрессидан бошланди. Унга кўплаб фахрий меҳмонларнинг келиши кутилаётганди. Таклиф қилинганлар орасида, ҳатто Болгария коммунистик партиясининг биринчи котиби Тодор Живков ҳам бор эди. Айнан шу сабабли конгрессга жудаям жиддий тайёргарлик кўрилаётганди. Турли ташқи таъсирларнинг олдини олиш учун ички ишлар хизматчилари «Яшин» номли махсус антитеррор операциясини ишлаб чиқишди. Тезкор гуруҳ шакллантирилди ва унинг таркибида Александр Попрядухин ҳам бор эди.
1973 йилнинг 2 ноябрида гуруҳ шуғулланадиган иш ҳам бўй кўрсатди. Автомобиль техникумининг ўқувчилари бўлган 4 нафар ёш йигитча қуролланган ҳолда Москвадаги Биков аэропортида Як-40 самолётини гаровга олишди. Уларнинг энг каттаси бор-йўғи 20 ёшда эди.
Самолёт Брянскка учаётганди. Парвоздан сўнг ёшлар шу заҳоти учувчилар кабинаси эшигига ўқ узишди. Бортмеханик жиноятчиларга халақит бермоқчи бўлди, бироқ унга қарата ўт очдилар. Ёрдамга келган мардонавор йўловчига эса пичоқ суқдилар.
Дарслик учун жасорат
Террорчиларнинг талаби анъанавий бўлиб чиқди: 2,5 миллион доллар пул ва чегарадан ўтиш. Ҳаво кемаси командири бунча миқдордаги пулни фақат пойтахтда йиғиш мумкинлигини айтиб талабаларни ишонтирди. Кўп ўтмай самолёт «Внуково» аэропортига қўнди. Таъминотчи захира ёнилғи жамғарган бўлиб, террорчиларнинг диққатини жалб қилганида қўлга олиш гуруҳи самолёт корпусидан ўз жойини эгаллади. Александр Попрядухин гўё пулга тўлдирилган жомадонни самолётга кўтариб борди. Ҳужумга ўтишни айнан пул берилаётган вақтда амалга ошириш режалаштирилганди. Бу йўл Александр учун энг охиргиси бўлиб қолиши мумкинлиги тушунарли эди.
Террорчилардан бирининг боши люкда кўриниши билан Попрядухин ўзига чироқ тутди. Жиноятчи аниқ нишонга олди: ўқ милиционернинг кўксига тегди. Александрнинг эгнида зирҳли нимча бўлиб, уни ўлимдан қутқариб қолди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа ходимлар террорчилар билан машғул бўлдилар. Самолёт ичига кўздан ёшни оқизадиган газли пакет улоқтирилди. Ҳужум чоғида талабалардан бирини яралашди, босқинчилар тўдаси бошлиғи жонига қасд қилиб ўз умрига нуқта қўйди, омон қолган иккитаси таслим бўлди.
«Яшин» операцияси 4 дақиқа 11 сония давом этди. Унинг баёни, ҳатто антитеррор мавзусида дарслик саҳифаларида пайдо бўлди.
«Махфий» белгиси остида
Газетчилар Попрядухин ҳақида ёздилар, албатта. Аммо унча катта бўлмаган қайдларда у Горький паркидаги қандайдир хавфли жиноятчини тутиб олган милиционер деб ёзилди, холос. Самолётнинг эгаллаб олиниши ва ёш террорчилар ҳақида бир қатор ҳам ёритилмади. 1973 йилнинг декабрида Александр Попрядухинга қаҳрамон унвони берилди.
Попрядухиннинг жасорати ҳақида 2000 йилнинг бошигача жим эдилар. Ушбу маълумотнинг сир тутилишини кўпчилик оддий изоҳлайди: 1973 йили тинчликсевар кучларнинг юқорида келтириб ўтилган конгресси ўтказилаётган ва айни шу пайтда, айнан СССР пойтахтида самолётга қуролли босқин уюштирилган эди.
Жасоратдан сўнг
Тирик қолган талабаларни ҳам тезкор ўлим кутаётганди. Улардан бири қамоқда вафот этди, иккинчисини маҳбуслар ўлдиришди.
Қаҳрамоннинг тақдири эса кескин бурилишларга тўлиб-тошиб кетди. Иттифоқ парчалангач, Попрядухин «олтин» ёшлар вакилларидан бирига қўриқчи бўлиб ишга жойлашди. Шахсан ўзи айтишича, собиқ милиционер 26 ёшли хўжайини тўшакда ётганида қаҳва келтириб берган.
Александр Попрядухин 2013 йилда ҳаётдан кўз юмди.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter