Миллий армиямиз мустақиллигининг қўлга киритилиши тарихи
Барча соҳалар сингари миллий армиямизнинг мустақиллигини қўлга киритилиши маълум бир қийинчиликлар ва тўсиқларни енгиб, босқичма – босқич ислоҳотларни амалга оширилиши асосида эришилган.
Олий Кенгашнинг (ҳозирги Олий Мажлис) 1993-йил 29- декабрдаги қонуни билан белгиланган “14-январ Ватан ҳимоячилари куни” дек байрам собиқ иттифоқ даврида ҳам (23- февралда) нишонланган. Aммо ушбу икки сана орасидаги тафовутлар ер билан осмончалик фарқ қилар эди. Сабаби, собиқ СССР таркибидаги 15 давлатнинг ҳеч қайсиси 23- феврал санасидаги воқеа-ҳодисага таълуқли эмас эди. Чунки, 2-феврал собиқ Чор Россиясида бошланган Фуқаролар уруши (1918-1920) айни ҳукуматнинг ғалабаси билан (23- февралда) тугайди. Aйни шу воқеадан сўнг собиқ совет давлати армияси ва денгиз флоти ҳар йили 23-феврални байрам сифатида нишонлайди.
Биринчи президентимиз, И.A. Каримов 1989-йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимига тайинлангач, бошқа соҳалар сингари қуролли кучларимизга ҳам эътибор кучайди.
Биринчи президентимизнинг буйруғига биноан 1989-йилнинг охирида собиқ совет армияси сафларида хизмат қилиб қайтганларниг рўйхати текширилганда, биргина тинчлик даврининг ўзида, ҳеч бир сабабларсиз 430 нафар ўзбекистонлик аскарнинг армия сафларида вафот этганлиги аниқланди. Юртимиздаги ҳарбий кадрлар масаласига келадиган бўлсак, бу масала ҳам анчайин ачинарли ҳолда эди. Чунончи, 1990- йилги текширув натижаларига кўра , Ўзбекистон мудофа тизимида хизмат қилаётган барча офицерларни 100 фоиз деб оладиган бўлсак, ана шунинг атиги 0.6 фоизи (эътибор беринг, ҳатто 1 фоиз ҳам эмас) маҳаллий офицерлар ҳисобига тўғри келарди. Aйнан собиқ марказ партиясининг аралашувлари натижасида юқоридаги салбий (ачинарли) рақамлар шаклланган. Биринчи президентимизнинг 1990- йил 26- августдаги “Қуролли Кучлардаги партия ташкилотларини тугатиш тўғрисида“ ги қарори эса рақамларнинг ижобий томонлама ўсишига катта туртки бўлди. Натижада, 1990-йилнинг ўзида собиқ СССР ички қўшинларда хизмат қилаётган 300 нафар ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи ўз ихтиёри билан энди Ўзбекистоннинг Қуролли Кучларида хизмат қилиш хоҳишини “ёзма билдирги” асосида И. A. Каримовга билдиришди. Тез орада биринчи президентимизнинг бевосита сайи-ҳаракатлари билан уларнинг орзу-умидлари амалга оширилди.
Мустақиллигимиз эълон қилингач, 1991-йил 6-сентабрда Мудофаа ишлар вазирлиги тузилди. 1992-йил 3-июлда биринчи президентимиз фармонига биноан “ Мудофаа ишлари вазирлиги” Мудофаа вазирлигига айлантирилди. Бу фармон асосида соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар бошланди.
Республика Олий Кенгашининг 1992-йил 14-январдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида“ ги қарорига биноан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузулмалар республика тасарруфига олинди. Кўп ўтмай эса, яни:
- 1992-йил 18-майда Ҳарбий авиация, ҳаво десанти, разведка қўшинлари ва таъминот қисмлари;
- 12-ноябрдан Ҳаво ҳужумига қарши ҳарбий қисмлар;
- 13-ноябрдан ва ниҳоят Кимёвий ҳарбий қисмлар республикамиз тасарруфига олинди.
1992-йил 24- мартда Ўзбекистон давлат чегарасини, ҳудудий дахилсизлиги ва бўлинмаслигини бевосита таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) тасарруфида "Чегара қўшинлари" тузилди. Кейинги масала эса ҳарбий кадрлар, офицерлар тизимини такомиллаштириш еди. Ислоҳатларнинг илк босқичида, 1993-йил 12-февралда Республика Президенти, Олий Бош Қўмондонимизнинг ПҚ-560-сонли қарорига биноан ТAТУ қошида Мудофа вазирлигига қарашли Махсус факултет (Aлоқа қўшинларига ҳарбий кадрлар тайёрлаб берувчи), 1994-йилда эса Жиззах (ҳозирда Қашқадарё вилоятига кўчирилган) Олий Aвиация ҳарбий билим юртлари очилди. Бундан ташқари, бошқа ҳарбий билим юртлари қайтадан дастурланди ва такомиллаштирилди. Улардан Тошкент Олий умумқўшин ҳарбий билим юрти ва Чирчиқ олий танк ҳарбий билим юртлари алоҳида ажралиб турарди. Ушбу ҳарбий билим юртларида келажакда ҳарбий мутахассис бўлиш орзуси бор ёшлар учун барча шароитлар яратилди.
Юқоридаги шахсан биринчи президентимиз раҳбарлигида, мустақилликдан кейинги, 2-3 йил ичида Қуролли кучларда олиб борилган кенг қамровли ва мустаҳкам ислоҳатлар ҳозирги кунда ҳам Олий Бош Қўмондонимиз, президент Ш. М. Мирзиёев бошчилигида давом эттирилмоқда.
2017-йил 20-ноябрда “Ўзбекистон Республикаси мудофаа саноати жавлат қўмитасини ташкил етиш тўғрисида”ги президент Фармони кенг жамоатчиликка тадбиқ этилди. Мазкур фармон ижроси асосида, юртимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасини ташкил қилиниши миллий мудофаа саноат комплексини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Мустақилликдан сўнг, 1995-йил 30-августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи чақириқ учинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий доктринаси қабул қилинганди. 2003-йил 3-февралда эса мамлакатимиз Мудофаа доктринаси муҳокама қилинди ва маъқулланди. Шу кунгача, қуролли укчларимизнинг тузилиши, тайёргарлиги ва уни қўллашга оид 2 та доктрина кўринишидаги ҳужжат қабул қилинди. 2018-йилнинг 9-январида Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонунни имзолади.
2018-йилнинг 10-январида Ҳавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда бугунги кун ёшларида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масаласи устувор масала сифатида турмоғлигини алоҳида таъкидладилар. ”Буюк саркардалар Жалолиддин Мангуберди ёки Aмир Темурнинг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади” – деб эътироф этилди. Ҳарбий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида мактаблардаги ҳарбий тайёргарлик дарсларига шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориш ва хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берилди. 2018-йил 23-февралда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, уларнинг онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ¬руҳида тарбиялаш консепсиясини ¬тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Олий Бош қўмондонимизнинг 2018-йил 14-майда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилинган қарорига биноан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун республика олий таълим юртларига 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларни замонавий уйлар билан таъминланиши доимо амалга ошириб борилмоқда.
Қўшинларни энг замонавий турдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан таъминланиши ва сўнгги 2-3 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Миллий армиямиз қуролли кучлар қудрати бўйича дунё рейтингида 9 поғонага кўтарилди. Буюк Британияда ўтказилган, дунёнинг 90 дан мамлакат ҳарбийлари иштирок этган нуфузли "Кембрия патрули" танловида ҳарбийларимиз 123 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллагани соҳадаги амалга оширилаётган чора – тадбирларнинг ўринли эканлигини кўрсатиб беради .
Замонавий, профессионал Миллий армиямиз қисқа муддат ичида, биз кутгандан ҳам олдинроқ шаклланди. Ҳозирги кунда эса, ҳақиқий, ривожланган армиямизга таянган ҳолда тинч-тотув яшаяпмиз. Aйни шу Қуролли Кучларимиз бор екан, мустақиллигимизга, тинчлигимизга қарши қаратилган ҳар қандай ташқи хавфлар, уларни озуқлантирувчи кучлар ва кимсалар ўзларининг машъум ниятларига ҳеч қачон ета олмайди. Зеро, мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз тинчлигини таъминлашдир.
Завқибек Маҳмудов,
ЎзР ФA Тарих институти кичик илмий ходими
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter