Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ярим тонналик зонд «кимнинг бошига» қуларкан?

Ярим тонналик зонд «кимнинг бошига» қуларкан?

Фото: «Багнет»

Совет иттифоқининг Венерага муваффақиятсиз миссияси маҳсули — «Космос 482» зонди ҳозир Ер орбитасини кезиб юрибди. Тобора баландликни йўқотаётган зонд 2019 йилдаёқ Ерга қулаб тушиши мумкин. Венера сайёрасининг ўта юқори ҳароратига мослаштирилган махсус қопламга эга, қарийб 500 килограммлик ушбу зонд атмосферада ёнмайди, шу боис Ерга «бус-бутун» ҳолатда қайтади, деб ёзмоқда «Space.com».

«Космос 482» сайёралараро муқобил станциясига 1972 йилнинг 31 март куни старт берилган. Ракета-ташувчининг бошланғич уч ўчоғи меъёрда ишлаб берган, бироқ тўртинчиси панд бериб, зонд орбитани тарк эта олмаган ва ғайриихтиёрий равишда Ернинг сунъий йўлдошига айланган.

Ҳозир ушбу зонд орбитанинг қуйи қисмида учиб юрибди — унинг айланиш баландлиги 1 309,6 километр, бир йил аввал қурилма 1 367 километр баландликда эди. Шу тезлик ҳам зонднинг орбита бўйлаб айланиш учун етарли, бироқ шу пасайишда унинг тезлиги ҳам тушиб боради.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, зонд 2023 ва 2024 йиллар оралиғида Ерга қулаши керак, бироқ астроном Томас Дорман қурилма 2019 йилдаёқ қулаб тушади деган фикрда.

Зонд қаерга қулашини олдиндан айтиш қийин — орбитадан четлашган аввалги йўлдошлар океанларга тушган. Нашрнинг қайд этишича, ҳозирча йўлдош ёинки бошқа космик чиқиндининг қулаши ҳеч бир инсоннинг ўлимига сабабчи бўлмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг