Янги йилдан бошлаб UMSнинг номи ўзгаради
UMS компанияси 2019 йилдан бошлаб Mobiuz савдо белгиси остида фаолият олиб боради. Бу ҳақда компания расмий сайтида маълум қилинган.
Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мобил операторга бир қатор вазифалар топширилди. Хусусан, UMS Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожланган мамлакатлар даражасида Интернет тармоғига уланиш имкониятлари билан имкон қадар тўлиқ қоплаши, барча давлат хизматларини фақатгина ўз маълумотларга ишлов бериш марказлари орқали кўрсатиши лозим.
2018 йилнинг 13 декабридаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан компания давлат хизматлари операторига айланиб, ҳукумат мобил алоқаси ва криптографик ҳимояланган илк миллий Uzchat мессенжерини жорий қилмоқда.
«Бундан ташқари, UMS платформасида Лойиҳа бошқаруви ягона миллий ахборот тизими, давлат сектори учун блокчейн ечимлар, аҳоли учун рақамлаштирилган давлат хизматлари яратилмоқда. Бу эса электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш, давлат бошқарувига ахборот тизимларини жорий қилиш, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб боришга хизмат қилади.
Бундай шарт-шароитларда компания ребрендинги янги ўзгаришларни ифода этиши, компания қадриятларини ғоявий жиҳатдан ва мазмунан ўз ичига олган бўлиши керак. Буни инобатга олган ҳолда UMS мобил операторининг савдо белгисини Моbiuz, деб номлашга қарор қилинди», — дейилади расмий маълумотда.
Қўшимча қилинишича, ребрендинг ишлари декабр ойида, компания номини танлаш, бренд рангларини ва бошқа белгиларни яратишдан бошланди. Ребрендинг босқичма-босқич амалга оширилади. Бу қадамлар компания брендини “софлаштириш”, жамиятга компаниянинг янги қадриятларини етказишга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter