Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ягона интерактив давлат хизматлари портали мобил иловаси ва Face ID прототипи тақдимотини ўтказди

Ягона интерактив давлат хизматлари портали мобил иловаси  ва Face ID прототипи тақдимотини ўтказди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 21 январь куни Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси ва Face ID прототипи тақдимоти ўтказилди.

Таъкидланишича, мамлакатимиз аҳолисининг 80 фоизи мобил интернетдан фойдаланади ва шу жиҳатдан олиб қараганда, MyGov мобил иловасининг ишга туширилиши интерактив давлат хизматлари кўрсатишда ташланган муҳим қадамдир.

Фото: «Xabar.uz»

Матбуот анжуманида My.gov.uz мобил иловасининг имкониятлари намойиш этилди ва мобил иловада фақатгина тўлиқ автоматлаштирилган электрон хизматлар, яъни давлат органлари ходимлари иштирокисиз кўрсатиладиган хизматлар жорий этилганлиги айтиб ўтилди. Мазкур иловалар орасидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик юзасидан жарималар, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағи ҳолати ҳақида маълумот олиш, СТИРни аниқлаш, иш ҳақи миқдорини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотнома олиш, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқалар жой олган.

Мисол учун, бошқа ҳеч қаерда жарималар бўйича маълумот олиш имконияти мавжуд тўлақонли хизмат кўрсатилмайди. Фақатгина Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ЙҲҚ бузилгани учун белгиланган жарималар бўйича маълумотни бепул олиш мумкин. Бунда мазкур хизматдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтгандан сўнг, жарималар ёзилган тақдирда улар тўғрисидаги маьлумотлар автоматик тарзда тақдим этилади.

Мобил илова ишлаш жараёнида унда кўрсатиб бориладиган электрон хизматлар сони ошириб борилади.

Ўтган 2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ва Ягона интегратор UZINFOCOM ҳамкорликда My.gov.uz порталида 49 та электрон давлат хизматини жорий этган. Улардан 5 таси тўлиқ автоматлаштирилган (пенсия тўғрисида маълумот, ойлик маош тўғрисида маълумот, жарималар ва ҳоказолар).

Маълум қилинишича, ҳозирда ўз ичига туғилишни рўйхатга олиш, фарзанд туғилганда бир марталик нафақа тўланиши, болани мактабгача таълим муассасасига рўйхатга қўйиш каби хизматларни олган композит хизматни жорий этиш устида ишлар олиб бориляпти. Бундай хизматларни йўлга қўйишдан мақсад давлат органларига қайта-қайта бориш ва навбатлар кутиш амалиётини йўқ қилишга қаратилган, дейилмоқда.

Андроид-қурилмалар учун MyGov иловасини ушбу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин:

Айни кунларда мобил илованинг iOS талқинини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Скриншот

Мобил иловада қуйидаги функционал имкониятлар мавжуд:

  • Калит сўзлар бўйича қидирув;
  • Хизматдан фойдаланиш учун юборилган аризаларнинг ҳолати билан танишув;
  • Номингизда бўлган транспорт воситалари ва кўчмас мулк объектларини киритиш;
  • Давлат хизматлари марказларининг жойлашуви тўғрисида геолокация маълумотларини олиш.

2020 йил давомида биометрик маълумотлар асосида масофадан туриб қулай усулда аутенфикация қилишни жорий этиш режалаштирилган. Бундай усул электрон хизматлардан масофадан туриб осон ва қулай фойдаланиш имкониятини яратади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг