Хивага йўлингиз тушса, бу жойга бир кириб ўтинг!
«Xabar.uz» музейлар фаолияти, экспонатлари ҳақида фото ва мақолалар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳасининг бу галги саёҳати Хива алоқа музейида бўлиб ўтади.
Хива алоқа музейи 1983 йил эски почта биносида ташкил қилинган ва ҳозирги кунда Хива алоқа музейи сифатида фаолият кўрсатмоқда. Музейнинг ташкил топиш тарихига назар солсак, Хива хонлигида Асфандиёрхон ва унинг бош вазири Исломхўжа даврига бориб тақалади. Чунки айнан уларнинг саъй-ҳаракати билан 1913 йили Хивада почта-телеграф идораси иш бошлаган.
Манзил: Хива шаҳри, Амир Темур кўчаси, 23 уй.
Кириш бепул.
Иш вақти: Сешанба – якшанба 09:00 дан 17:00 гача.
Дам олиш куни: Душанба.
Тўлиқ айланиш учун: 30 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфланади.
Музей маҳаллий ва чет эллик сайёҳларнинг севимли масканига айланиб улгурган. Бу ерда меҳмонлар алоқа соҳасининг ривожланиш даврлари, тармоқдаги ўзгариш ҳамда янгиланишлар хусусида кенг тасаввурга эга бўлиши мумкин.
Хива алоқа музейи тўрт бўлимдан иборат: радио-телевидение, почта, телеграф-телефон ва ахборот-коммуникация технологиялари. Ҳозирги кунда музейда 1590 дан ортиқ экспонат бор. Музей экспонатларининг аксарияти Ўзбекистон алоқа тарихи музейи ва «Алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси тарихи ва мероси жамоат фонди» томонидан тақдим этилган.
Экспонатлар орасида 1873 йилда ишлаб чиқилган Морзе аппарати, 1949 йилда Россияда ишлаб чиқарилган КВН телевизори, Тошкент телеминораси макети кабилар меҳмонлар эътиборини кўпроқ ўзига тортади.
Самуэл Морзе 34 ёшигача рассом бўлган ва технологияларга қизиқмаган. 1825 йилда у навбатдаги Европа сафари чоғида отасидан мактуб олади. Хабарда унинг хотини касал бўлиб қолгани ва тез етиб келиши ҳақида ёзилган эди. Бу хабар АҚШдан Европага етиб келгунича бир ойга яқин вақт кетган ва бу вақт ичида аёлнинг аҳволи оғирлашиб, вафот этган бўлади. Морзе уйига етиб келганида эса хотини аллақачон дафн этилганини билади.
Шу воқеа сабаб Морзе рассомчиликдан воз кечиб, хабарларни узоқ масофага тез етказа оладиган технология устида иш олиб боради. 1838 йилга келиб, электр телеграфи ва Морзе алифбосини ихтиро қилади.
Биринчи телевизор КВН-49 деб номланган. Бу телевизор Россияда ишлаб чиқарилган. Телевизор экранининг катталиги 11,5х16см бўлган. Экрандаги тасвирни катталаштириш мақсадида олдига линза қўйилган ва линза ичига сув солинган. Сув лойқаланиб кетмаслиги учун бир томчи глицирин томизилган ва шу сув ёрдамида тасвир катталаштириб кўрсатилган. Телевизор 1949 йилда ишлаб чиқарилгани учун ҳам КВН-49 деб номланган. КВН дейилиши эса ишлаб чиқарган механик олимларнинг фамилиялари бош ҳарфларидан олинган.
Хива алоқа музейида шунга ўхшаш ўзининг қизиқарли тарихига эга экспонатлар кўп. Хивага йўлингиз тушса, албатта, алоқа музейига ташриф буюринг. Чунки Хива тарихи айнан алоқа билан узвий боғлиқ.
Иззат Юсупов, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори биринчи ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter