«Халқаро почтамт»да энди тизим ўчмайди
Замонавий ахборот технологияларини қўллаш, албатта энергетика билан боғлиқ жараён. Электр токи узилаверса қурилмалар ҳам «танаффус» билан ишлайди. Дейлик, ахборотларни ўз вақтида олиш иложсиз бўлиб қолади ёки электрон тизимларнинг доимий ишлашини таъминлаш муаммоси пайдо бўлади.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ «Халқаро почтамт» филиали ўз электрон тизимига эга. Мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларга қулайликлар яратишда шу тизимдан фойдаланилади. Масалан, тизим орқали жўнатмалар электрон рўйхатдан ўтказилади ёки уларнинг қаердалигини назорат қилиш, кузатиш имкониятлари бор. Табиийки, мана шу тизимнинг равон ишлаб туриши учун электр токи ҳам равон бўлиши керак. Чунки бу тизим юқори қувватли серверларга жойлаштирилган.
Маълумки, хостингларга жойлаштирилса тизимнинг хавфсизлигини таъминлаш қийинлашади ёки хавфсизлик умуман таъминланмаслиги мумкин. Шу мезондан келиб чиқиб, «Халқаро почтамт» тизими ўз сервер компютерларига жойлаштирилган. Лекин айрим ҳолларда энергиядаги муаммолар сабаб тизимнинг ишлаш жараёнида узилишлар кўзга ташланиб турарди.
Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида «Халқаро почтамт» филиалига икки дона: қуввати 1,5 ва 1 кВт бўлган, қайта тикланувчи аккумулятори сиғими 90 А/с.га тенг қурилмаларни жорий қилиш учун тақдим этди.
Бу қурилмалар келтирилиши билан почтамт электрон тизими барқарор ишлай бошлади, энергия таъминотидаги муаммо ўз-ўзидан йўқолди.
Айтиш керакки, мамлакатимиз инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар кўргазмаларида бир неча бор намойиш этилган мазкур қурилмалар Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти томонидан мунтазам такомиллаштириб борилди. Шу меҳнатлар самараси ўлароқ, масалан, энди бу қурилмалар аккумулятордан ташқари, қуёш фотоэлектрик панеллари ёрдамида ҳам ишлай олади.
Хайрулла Қулматов, тадқиқотчи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter