Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентнинг янги қарори эълон қилинди

Президентнинг янги қарори эълон қилинди

Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ва ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

фуқароларга ногиронликни белгилашда коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;

ногиронликни белгилашда фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини бартараф этиш, соҳада мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни бекор қилиш;

маълумотлар электрон базасини шакллантириш орқали фуқароларга замон талабларига жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

шахс соғлиғининг ҳолатига кўра Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (кейинги ўринларда – тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси) бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш орқали ташкил этилади;

ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаронинг иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

б) 2022 йил 1 августдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизими жорий этилади.

Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади;

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилади.

18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади;

18 ёшдан катта фуқароларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг