Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ШҲТ ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форуми бўлиб ўтди

Тошкентда ШҲТ ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форуми бўлиб ўтди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 26 сентябрь куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида АКТ ҳафталиги доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форуми бўлиб ўтди.

Фото: «Xabar.uz»

ШҲТ бош котиби ўринбосари Шерали Сайдамир Джонон, Қозоғистон рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вице-министри Асхат Оразбек ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашевлар форумни очиб беришди.

Бу ШҲТнинг ахборот технологиялари ва инновацияларга бағишланган илк форуми бўлиб, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон каби мамлакатлардан мутахассислар қатнашди.

Фото: «Xabar.uz»

Қозоғистоннинг тараққиётида «Рақамли Қозоғистон» дастури жуда муҳим аҳамият касб этди. Ҳозир мамлакатимизда 60 дан зиёд электрон саноат корхоналари бор ва уларда 1,5 минг нафардан ортиқ муҳандислар фаолият юритмоқда. Тошкентдаги форумга нафақат ўз тажрибамиз билан ўртоқлашиш учун, балки ҳамкорларимизнинг тажрибаларини ўрганиш учун ҳам келганмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчани шу йилнинг 24-25 октябрь кунлари Нур-Султонда бўлиб ўтадиган анъанавий халқаро «Digital Bridge» технологик форумига таклиф этмоқчиман.

Асхат Оразбек,
Қозоғистон рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вице-министри

Форум ялпи сессиялар кўринишида давом этди.

Рақамли иқтисодиёт: рақамли инфратузилма ва технопарклар ривожланиш тенденциялари ва истиқболларига бағишланган дастлабки сессияда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари, давлат секторини рақамли шакллантириш борасидаги долзарб вазифалар ҳақида сўз борди.

Фото: «Xabar.uz»

IT-Парк бизнес таҳлилчиси Амир Мардиев технопаркларларнинг замонавий иқтисодиётдаги аҳамиятини тушунтириб берди.

Россиялик мутахассис Ярослав Ёлкин эса Марказий Осиё мамлакатларида йўлдошли алоқа воситасида рақамли фойдаланиш имкониятларини оширишга тўхталди.

Фото: «Xabar.uz»

Электрон ҳукумат ва ақлли шаҳарларни бошқарувчи интеллектуал тизимларини яратиш ҳамда рақамли қтисодиётни тараққий эттиришга бағишланган иккинчи сессияда хориж тажрибаси билан танишилди. Дмитрий Карандин (РФ ҳукумати қошидаги таҳлил маркази маслаҳатчиси) Россия электрон ҳукумати ва Smart City лойиҳалари ҳақида, кореялик эксперт Жин Вон Хо Жанубий Корея электрон ҳукуматига ижобий таъсир кўрсатган 5 инновацион технология тўғрисида гапириб берди.

Шунингдек, Елена Стрижко (Беларусь) ўз мамлакатида электрон ҳукумат барпо этиш бўйича тўпланган тажрибалар, Абдувоитжон Ғафуров («BePro» МЧЖ раҳбари) E-HEALTH — электрон соғлиқни сақлаш тизими ҳақида тақдимот қилишди.

Фото: «Xabar.uz»

Улкан маълумотлар (BigData) билан ишлаш технологияларининг тараққиёти, сунъий интеллект ва блокчейн технологияларига бағишланган сессияда давлат бошқарувида улкан маълумотлардан фойдаланиш, бу борадаги асосий муаммолар ва уларнинг ечимлари кўриб чиқилди.

Форумнинг 4-сессияси ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланди.

Хорижлик ва ўзбекистонлик мутахассислар ўз чиқишларида мисоллар асосида ахборот ва киберхавфсизликни таъминлашнинг айни пайтдаги ҳолатини таҳлил қилишаркан, бу йўналишда ҳудудий ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлиги муҳимлигига эътибор қаратишди.

Фото: «Xabar.uz»

Сессиялар якунлари савол-жавоблар, муҳокамаларга бағишланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг