ТАТУ талабалари халқаро сертификатга эга бўлишди
Жорий йилнинг 15-17 октябрь кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида «Очиқ кодли дастурий маҳсулот» (Open Source Software Technology Seminar)мавзусида ўқув-тренинг курслари ташкил этилди. Бу ҳақда ТАТУ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Жанубий Кореянинг ахборот технологияларини рағбатлантириш миллий агентлиги (NIPA) ўртасида имзоланган ўзаро англашув Меморандумига кўра, тренингни ҳар йили ташкил этиш режалаштирилган эди. 15 октябрь куни «NIPA»нинг 6 кишидан иборат делегацияси ТАТУга ташриф буюрди.
ТАТУ талабалари ҳамда дастурий маҳсулотлар яратишга қизиқадиган ёшлар ўртасида замонавий, илғор технологиялар ёрдамида очиқ кодли дастурий маҳсулотлар яратиш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ўқув-тренинг курсида университетнинг профессор-ўқитувчилари ва у талабалари иштирок этишди.
Курс давомида тингловчилар «Очиқ кодли дастурий маҳсулот» нима учун кераклиги, сунъий интеллектдан фойдаланиб, янги ишланмаларни яратиш ва фойдаланиш асослари, «Очиқ кодли дастурий маҳсулот»дан стратегик фойдаланиш ва асосий муваффаққиятли вазиятлари, «Очиқ кодли дастурий маҳсулот» бошқаруви бўйича билим ва кўникмаларга эга бўладилар.
17 октябрь куни ўқув-тренинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда NIPA вакиллари томонидан ўқув-тренингда қатнашган талабаларга халқаро сертификат топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter