Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сонияларда қувват олувчи туганмас батареялар

Сонияларда қувват олувчи туганмас батареялар

Фото: «Евроньюс»

Германиянинг Дрезден шаҳрида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан нефт ва кўмир каби углеродлардан воз кечиш ҳамда замонавий иқтисодиётнинг янги манбаларини излаб топиш борасида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Жадал ривожланаётган батарея технологиялари соҳаси бўйича мутахассис Андрей Балдужжига: «Батареяларда инқилобий янгиликка қанчалик яқинмиз?», — дея савол бердик.

«Менимча, жуда яқинмиз. Бироқ бу борада фақат битта ускуна камлик қилада. Турли жиҳозлар бўлиши керак. Чунки кўпроқ эҳтиёжларни қондиришимиз керак. Электр энергиясида батареялар афзал кўрилади. Оғир юкли машиналар учун суперконденсаторларга эҳтиёж катта», — деди у.

Электрмобилингизнинг бир неча дақиқада ёки телефонингизнинг бир неча сонияда қувватланишини тасаввур қилинг. Саксонияда дунёга машҳур «Скелетон Текнолижс» номли фирма мутасаддилари бу масалалар устида бош қотиришаяпти.

Бу корхона Европа ҳомийлигида тез орада Дрезден шаҳри яқинларида электр жиҳозларини қисқа фурсатда қувватлаш учун ултраконденсатор технологияси тараққиёти йўлида янгиликка қўл урди.

Таави Мадиберк, «Скелетон Текнолижс»: «Беш ёки ўн йил илгарилаб кетайлик. Ултраконденсаторлар қўлланган бир улов билан қувватлаш шохобчаларига борганингизни тасаввур қилиб кўринг. Бир неча сонияда уловингизни қувватлантириб оласиз».

Экологик мусаффо ҳаётни орзу қилсак, электр энергиясини ғамлашнинг самарали йўлларини ахтариб топишимиз керак. Европа иттифоқи комиссияси аввалроқ бир неча сонияда қувватлана оладиган янги батареялар кашф этиш учун мукофот жамғармаси 10 миллион еврога тенг мусобақа эълон қилган эди.

Таави Мадиберк, «Скелетон Текнолижс»: «Бу борада шундай батареялар кашф этишимиз керакки, улар икки-уч сонияда қувват олиб, бутун умрга етадиган бўлиши зарур. Бу кашфиёт барча муаммоларимизни бартараф эта олмайди. Бироқ иқлим ўзгаришига қарши курашишда муҳим босқични бошлаб беради».

«Бу технология ҳаётимизни бутунлай ўзгартиришига ишонаман. Кундалик қўлланаётган аксарият жиҳозларимизда батарея ва супер конденсаторлар бор. Яқин келажакда буларнинг сони кўпайса кўпаядики, асло камаймайди. Негаки, тез орада электр энергиясидан қувватланадиган автомобиллар пайдо бўлади», — дея фикрини давом эттиради Андрей Балдужжи.

Андрей бу технология атроф-муҳитга ижобий таъсир қилибгина қолмай иқтисодиётнинг янада ривожланишига ҳам ҳисса қўшишини таъкидлайди: «Янги тадқиқотлар янги жиҳозларга таянади. Жиҳозларни эса янги технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Янги технология – янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш демак».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг