«SMMчига диплом керакми?» — Умиджон Aҳтамов билан суҳбат
«Xabar.uz» «Among youth» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттиради.
Қашқадарёлик Умиджон Aҳтамов Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиалининг 3-босқич талабаси, SMM менежер. Ижтимоий тармоқларда «Google bilan», «Foydali link» ва «Zukko Team» платформаларини бошқариб келмоқда.
Нега SMM соҳаси, нима учун бу йўналишни танлаган, соҳадаги муаммолар — суҳбатимиз шу ҳақда.
SMM соҳасига кириб келиши
Балки болалигимдан шунга мойил бўлгандирман: ижтимоий тармоқларда фикрларимни тартибли баён эта олардим, математик ва стратегик ёндашувим, хатосиз ёзишим соҳага олиб киргандир балки. Aслини айтадиган бўлсам, SMM соҳасига телеграмда канал очиш билан кириб келганман. Дастлаб таълимий каналдан бошладим. Бу канални юритиш, брендни шакллантириш ва танитиш, тўғри реклама олиш каби жараёнларни ўз тажрибамда ўргандим. Сўнг бироз маблағ йиғиб, «Google bilan» каналини очдим. Бу канал ғояси «ТикТок»даги бир рус йигитининг видеоларини кўриш ортидан пайдо бўлган.
Сўнгра брендинг бўйича профессионаллар билан ишладим, одамларга фойдаси тегадиган контентларни улаша бошладим. Кейинроқ билсам, бу мавзуда ўзбек сегментида анча олдин очилган «Foydali link» канали бор экан. Шунга қарамасдан, ўз каналимни юритишда давом этдим.
Ҳозир 10 га яқин фойдали каналлар асосчиси, инвестори, асл касби 3D моделлаштириш бўлган Aбдусаттор Aбдураҳимов жамоасида ишлаяпман. Февраль ойи бошларида Aбдусаттор ака билан «Zukko Team» лойиҳасини бошладик. Лойиҳадан кўзланган мақсад онлайн тарзда обуначиларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш.
Даромадимга келадиган бўлсак, ҳозир ўртача $400-500 атрофида.
SMM ҳақида
Замон ривожланяпти ва ҳаётимиздаги муаммоларга интернет оламида ҳам тезроқ, самаралироқ ечимлар пайдо бўляпти. Масалан, тадбиркорлар ҳам ўз хизмати ёки маҳсулотлари учун харидорларни кўчалардаги баннерлар, телевидение, сайтлар ёки ижтимоий тармоқлар орқали жалб қилишяпти.
SMM (Social Media Marketing), яъни ижтимоий тармоқлардаги маркетинг — яъни маҳсулотлар, товарлар ва хизматларни ижтимоий тармоқларда танитиш, уларнинг саҳифаларини юргизишдир. SMMнинг ривожланиши, албатта, ижтимоий тармоқлар — мулоқотнинг асосий бўғини бўлаётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Очиғини айтиш керак, ҳозир тадбиркорлар учун ўз хизмати ёки маҳсулоти ҳақида маълумот бериш ТВ, радио, газета ёки кўча баннерларига қараганда, сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам самарали, ҳам осон.
Бир сўз билан айтганда, SMM ёрдамида компаниялар:
- Бренд яратиш ва уни юргизиш ёки танитиш;
- PR;
- Компания сайти ёки тармоқлардаги саҳифаларига ташриф буюрувчилар сонини ошириш;
- Мижозлар, фойдаланувчиларда хизмат ёки маҳсулот юзасидан пайдо бўлган саволларга тезкор жавоб бериш имкониятларига эга бўлади.
SMM мутахассисининг вазифалари:
- Компания мижозлари ҳақида умумий маълумотлар тўплаш;
- Компания товар ёки хизматларини тўғри аудитория танлаган ҳолда тавсия қилиш;
- Компания блогини юргазиш;
- Компания соҳасига мос форумлар яратиш, уларда маҳсулот ёки товар юзасидан бериладиган саволларга жавоб бериш;
- «Вирусли маркетинг»ни ташкил қилиш.
Яна бир муҳим нарса: SMM мутахассиси — график дизайнер ҳам, дастурчи ҳам, копирайтер ҳам эмас, аммо уларнинг ёрдамида кучли маркетинг қила оладиган, стратегик жиҳатдан кучли инсон бўлиши керак.
IT-соҳаси бўйича тасаввур жуда оз
Биласизми, муаммолар ҳақида сўраганингиз учун SMM эмас, IT-соҳаси ҳақида гапирмоқчиман. Кузатишларим бўйича халқимизнинг катта қисмида ҳали ҳам IT-соҳалари бўйича тасаввур етарли эмас. Aйнан шу сабаб туфайли ўзим таниган кўпларнинг бу соҳага киришига ота-оналари қаршилик қилишган. Индаллосини айтганда, уларнинг соҳага қизиқиши сўнган, сўндирилган...
Тўғри, дастурлаш соҳасини Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида яхши қабул қилишади, аммо чеккароқ туманлардаги ота-оналар, устозларда бу соҳалар ҳақида юзаки бўлса-да тасаввур йўқлиги ёшлар учун муаммо бўлмоқда. Очиғи, аксарият ёшларимиз ва уларнинг ота-оналари онгида фақатгина университет дипломи асосий мақсад эканлиги ҳозирги замонда ачинарли ҳолат. Бу муаммога ечим сифатида Ўзбекистоннинг барча чекка нуқталарида соҳа мутахассислари билан катта тадбирлар, давомли мулоқотлар ўтказилиши зарур, деб ўйлайман.
IT-соҳаларини ўргатадиган марказлар камлиги эса иккинчи ўринда. Aгар биринчи муаммо ўз ечимини топса, бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.
SMMни ўрганмоқчи бўлганларга тавсияларим...
Биринчи навбатда ноутбук сотиб олишни маслаҳат бераман. Ўрганмоқчи бўлганлар бир нарсани тушуниб етишлари шарт, фақатгина телефон билан бу соҳага кириб келиш — теннисни қошиқ билан ўйнаш билан баравар. Смартфон билан ҳам ниманидир ўргана олишади, аммо ўзларининг имкониятларини ҳам чеклаб қўйишади. Шунингдек, соҳа бўйича ўқув курсларида, онлайн ёки офлайн бўлишидан қатъи назар, албатта ўқишлари лозим. Ўрганиш жараёнидан чалғимаслик керак. Билувчилардан сўраб ўрганишдан ҳам уялмаслик керак.
Бошқа IT-соҳаларига кириб бормоқчиман
Келажакда бошқа IT-соҳаларига ҳам кириб бормоқчиман. Айниқса, 3D моделлаштиришга жуда қизиқаман. Кейинроқ дастурлаш бўйича ўзим туғилиб ўсган туман — Шаҳрисабзда ёшларга таълим бериш ниятим бор.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter