«1000 та китоб ёзиш ниятим бор» — робототехник Мирзоҳид Абдуҳалилов
«Xabar.uz» нашри «Among youth» лойиҳасини давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз дастурчи, робототехник Мирзоҳид Абдуҳалилов. Қаҳрамонимиз 2020 йили Андижон машинасозлик институтини тамомлаган. Шу йили Президент қарори билан «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлди.
Бугунги кунда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ўқувчиларга дарс бермоқда.
«Ота-онам ва устозларим руҳлантиришди»
Очиғи, болалигимдан ҳарбий касбга жуда қизиқардим. Шу боисдан ҳарбий мактабга ўқишга кирганман. Умуман, ҳарбий соҳадан ташқари, табиатан барча соҳаларга қизиқувчан эдим. Олдимдан қандай касб чиқишидан қатъи назар шу соҳада ўзимни синаб кўришга киришардим.
3-синфда ўқиб юрган пайтларим ота-онам менга компьютер олиб беришганди. Ўша вақтдан компьютерга бўлган қизиқишим уйғонган. Компьютер соҳасини қишлоқда туриб ўрганишимга сабаб бўлган яна бир омил бор. Бу — ота-онам. Улар компьютерни кўп марта бузиб қўйган пайтларимда ҳам ҳеч койишмасди. Ҳатто бир сафар компьютер устида «тажриба» қилаётиб уни ёқиб юборишимга оз қолган. Умуман, ота-онамнинг доим қўллаб-қувватлови ўзимга нисбатан ишонч билан улғайишимга туртки бўлди.
Ҳарбий мактабни тамомлаб, ҳарбий академик лицейга ҳужжатларимни топширдим. Афсуски, омадим келмай у ерга киролмадим. Аммо 3 йиллик таҳсилни туманимиздаги коллежлардан бирида давом эттирдим. Коллеж даврида ҳам ҳарбий бўлиш иштиёқи сўнмади.
Коллежни битирганимдан сўнг ТАТУ қошидаги ҳарбий касбга йўналтирилган махсус факультетга кириш истаги пайдо бўлди. Бироқ тиббий кўрик жараёнида бироз бўйим пастлиги учун якуний имтиҳонгача етиб боролмадим.
Ўша вақтлари ҳаётдан жуда хафа бўлдим. Тушкунлик натижасида бироз муддат ҳеч бир олийгоҳга ҳужжатларимни топширишни истамадим. Аммо, ота-онам ва устозларим руҳлантиришлари натижасида Андижон машинасозлик институтига ҳужжатларимни топшириб, ўқишга қабул қилиндим. У ердаги муҳит болаликдаги қизиқишим – ахборот технологиялари, хусусан робототехника соҳасини чуқуроқ ўрганишга ундади.
Натижада дастлаб кичик дастурий маҳсулотлар, роботлар ясай бошладим. Вилоят, республика миқёсидаги кўплаб танловларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритдим. Ўтган йили мустақиллик байрами арафасида Президентимиз қарори билан «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлдим.
«Ўқув адабиётлари етишмайди»
Кузатишларим бўйича айта оламанки, мамлакатимизда робототехника соҳасини ривожлантириш учун асосан ўқув адабиётлари етишмайди. Соҳани оммалаштириш учун ўзбек тилидаги ўқув адабиётлар сони ва сифатини ошириш керак. Ушбу ишларга ўз ҳиссамни қўшиш ниятим бор. Шу мақсадда, яқинда робототехника соҳасига бағишланган биринчи китобимни ёзиб тугатдим. Айни кунларда уни мамлакатимиздаги ахборот технологияларга ихтисослаштирилган мактаб ва ўрта-махсус мактабларида жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, дастурлаш ва робототехника соҳасига кириб келаётган болалар ва тенгдошларимга бир фикр айтмоқчиман. Аввало, инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйишни ўрганиши лозим. Мақсад қўйганидан кейин унга эришиш учун ҳар қандай масъулият ва меҳнатдан қочмаслик керак.
Масалан, мен дастурлаш ва робототехника соҳасини ўрганётган пайтларим атрофимдаги аксарият инсонлар ёрдам бергиси келмаган. Лекин тушкунликка тушмасдан олдинга интилдим. Ҳозир Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ўқувчиларга дарс бериб келяпман.
«2020 йилда 86 та китоб ўқидим»
Бўш вақтларимда асосан китоб ўқиш билан шуғулланаман. Бу менинг севимли машғулотларимдан бири. Ўзим учун йиллик, ойлик, ҳафталик китоб ўқиш учун меъёрлар белгилаб олганман.
Ишонсангиз, ўтган йили жами 86 та китобни ўқиб тугатдим. Жорий йил эса 110 та китоб ўқишни режалаштирганман. Охирги ўқиган китобларим, яъни январь ойида жаҳон адабиёти дурдоналаридан «Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари», «Ўлсанг ким йиғлайди», «Ўйла ва бой бўл», «Менинг ҳаётим» ва «Ёлғонлар шаҳри» китоблари менда катта таассурот қолдирди.
«Робототехника йўналишида академик бўлмоқчиман»
Келажак режаларини тузиш, шахсан ўзимга катта куч бағишлайди. Шунинг учун доимо ишларимни режали амалга оширишга ҳаракат қиламан. Эзгу мақсадларим ҳақида тўхталадиган бўлсам, келгусида барча учун фойдали бўлган 1000 та китоб ёзиш ва робототехника йўналишида академик бўлиш ниятим бор.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter