Шерзод Шерматов Татаристон Бош вазири ўринбосари билан нималарни муҳокама қилди?
Бугун, 22 март куни IT-Парк резиденти «Astrum» IT академиясида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари Роман Шайхутдинов ва «Иннополис» махсус иқтисодий зонаси вакиллари билан ўзаро мулоқот қилди.
Учрашувда IT-таълимни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш, АКТ соҳасида ўзаро яқинликни кенгайтириш бўйича атрофлича фикрлар алмашилган. Шунингдек, IT-Парк ва «Иннополис» махсус иқтисодий зонаси фаолиятлари тўғрисида, Ўзбекистон ва Татаристонда IT соҳасини ривожлантириш ҳамда IT тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яратилган имкониятлар тўғрисида тақдимотлар ҳам ўтказилди.
Музокара доирасида «Иннополис» махсус иқтисодий зонаси вакиллари билан ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли иқтисодиёт соҳаларида биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, аутсорсинг IT-хизматларни ташкил этиш мақсадида IT-Парк билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.
Шу билан бирга IT-Парк ҳамда «Иннополис» махсус иқтисодий зонаси ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик олиб бориш мақсадида «Йўл харитаси» имзоланди.
Бугун Ўзбекистонда хорижий IT компанияларнинг тўлақонли фаолият олиб бориш учун барча шароитлар яратилган. Шунга кўра хорижий компаниялар, шулар қаторида Татаристон технопарклари ҳам Ўзбекистондан IT мутахассисларни кенг жалб қилишлари мумкин. Бу эса ёшларнинг бандлигини ошириш, уларни юқори маошли иш билан таъминлашга замин яратади.
IT мутахассисларни тайёрлашда хусусий ўқув марказлари ҳам муносиб ҳисса қўшади. Улардан бири Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «Аструм» IT академияси ҳисобланади. «Аструм» IT академияси икки қаватли замонавий бино бўлиб, таълим ва ишлаб чиқаришни қамраб олган кластердир.
Бу ерда ёшлар аввал дастурлашни ўрганиб, кейин шу соҳада ишлайди. Уларнинг ўзлаштиришини сунъий интеллект баҳолайди.
Томонлар таъкидлаганидек, мазкур меморандум ҳар икки мамлакатнинг ахборот технологиялари сектори ва стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқишга ва Ўзбекистондаги ишлаб чиқувчилар ва стартап эгаларига халқаро бозорга чиқиш учун янги имкониятлар яратишга ёрдам беради..
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter