Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саудия Арабистони инновация бўйича катта режа эълон қилди

Саудия Арабистони инновация бўйича катта режа эълон қилди

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон инновация ва илмий тадқиқотлар соҳасида келгуси 20 йилга мўлжалланган миллий режаларни маълум қилди. Бу ҳақда Саудия ахборот агентлиги (SPA) хабар берди.

Миллий стратегия соғлиқни сақлаш, экологик барқарорлик, энергетика соҳасида етакчилик ва келажак иқтисодиёти каби тўрт йўналишни қамраб олади. Саудия валиаҳд шаҳзодасига кўра, 2040 йилда инновацияларга ЯИМнинг 2,5 фоизи миқдорида маблағ ажратилади ва подшоҳлик бу борада дунёдаги пешқадам давлатлардан бирига айланади.

Миллий мақсад-мўлжаллар доирасида белгиланган тўрт йўналишда биринчи галда илм-фан, технологиялар ва инновация ютуқларига таяниш кўзда тутилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида янгилик ва ихтиролар орқали турли хасталикларни даволаш ва аҳолининг ўртача умр кўрсаткичини ошириш мақсад қилинган. Барқарор экология йўналишида сув тақчиллигини бартараф этиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш асосий вазифа сифатида белгиланган. Учинчи йўналишда подшоҳликнинг анъанавий энергетика соҳасидаги етакчилигини сақлаб қолиш, айни чоқда, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Келажак иқтисодиёти йўналиши эса илм-фан ютуқларига таянган ҳолда NEOM каби футуристик шаҳарларни барпо этиш белгиланган.

Саудия Арабистони шимоли-ғарбида барпо этилаётган NEOM – келажак шаҳрида робототехникадан кенг фойдаланилиши кўзда тутилган. 500 миллиард долларли лойиҳага кўра, шаҳар-давлатда  қуёш, шамол каби муқобил энергия манбаларидан истифода этилади. NEOM шаҳридаги ўн минглаб роботлар мураккаб-мушкул вазифаларда инсоният оғирини енгил қилади. Роботлар хавфсизлик, нақлиёт каби стратегик соҳалардан тортиб, қария ва ногиронларга ғамхўрлик қилиш каби маиший йўналишларга қадар одамлар корига ярайди. Сирасини айтганда, янги шаҳар технологик, интеллектуал ва туристик марказ – саҳро бағридаги мўъжиза бўлиши кутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, NEOM лойиҳаси доирасида Саудияда TROJENA деб аталган туристик шаҳарча қурилиши эълон қилинди.

Бу, иссиқ иқлимли минтақадаги илк йирик тоғ-чанғи дам олиш ҳудуди бўлиши кутилмоқда. Қизил денгизнинг мовий соҳили, пурвиқор тоғлар ва тиллоранг саҳро – табиат уйғунлигидаги янги маскан 2026 йилда битказилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг