Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Бахрамов: адвокатликдан – алоқачиликкача

Сардор Бахрамов: адвокатликдан – алоқачиликкача

Йирик халқаро компанияда эътибор қозониш учун нима қилиш керак? Албатта, ҳар куни ўз касбий маҳоратингизни кўрсатиб, аъло даражада ишлаш. Лекин бир жойда тўхтаб қолмаслик, доимо ривожланиш ҳам муҳимдир. Бу Beeline Uzbekistan’нинг эксперт-юристконсульти — Сардор Бахрамовнинг табиатига мос келади. Қисқа вақт ичида у нафақат ўзи учун мутлақо янги соҳага кўникди, балки Beeline жамоасининг энг қадрли аъзоларидан бирига айланди. Бунинг учун у компаниянинг 15 йиллиги шарафига олтин нишон билан тақдирланди.

Қулайлик доираси қаерда жойлашган?

«Мен аввал бошқа жойда ишлаганман ва ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳламасдим» – Beeline Uzbekistan’нинг кўплаб ходимларининг ҳикоялари компанияга келган вақтларини эслаш билан бошланади. Лекин, буни тушунтириш осон: таниш муҳит, тарк этиш осон бўлмаган «қулайлик доираси» ... Тўғри, охирида маълум бўладики, аввалги жойда унчалик ҳам қулай бўлмаган.

Сардор Бахрамовнинг эслашича, Тошкент шаҳри туманларидан бирида адвокат бўлиб ишлаган чоғида дам олиш кунлари ва оддий иш вақти қанақа бўлишини билмас эди. Шунга қарамай, унинг Beeline Uzbekistan’га ўтиши тасодифан содир бўлган. Хусусий компаниялар юристларга қандай шарт-шароитлар таклиф қилишлари унда қизиқиш уйғотган. Шундай қилиб, Сардор ўз резюмесини Headhunter’да жойлаштирган – ва тез орада уни интервьюга таклиф қилишади.

«Мен HR-дирекциясида Татьяна Григорьева билан суҳбатдан ўтдим, — дейди Бахрамов. — Шу суҳбатнинг ўзидан мен шу компанияда ишламоқчилигимни тушуниб етдим, чунки бу ерда ҳар бир ходим қадрланади, ажойиб жамоа бор. Ниҳоят, улар нормал кун тартибини таклиф қилишди, мен учун бу янгилик эди. Таклиф мени қизиқтирди, энди мана икки ярим йилдирки, шу ердаман. Beeline’га келишим билан, жуда тез орада ўзимга савол бердим: нега мен ўн йил олдин бу қадамни қўймадим, нега тунлари билан ишлаб чиқдим?! Айтганча, ишимни ўзгартирганимдан кейингина ниҳоят уйландим. Бунгача оилавий ҳаёт ҳақида ўйлашга ҳам вақт йўқ эди».

Жамоа қандай кутиб олади?

Beeline Uzbekistan'га ўтиш тасодифми ёки тақдирми? Катта эҳтимол билан иккинчиси, чунки Сардор компания жамоасига осон ва тез қўшила олди. Ҳамкасблар бунга ҳар томонлама ҳисса қўшдилар: ишининг иккинчи кунидаёқ янги етакчи юристконсульт илк топшириқларини олди. Техник бўлим вакили Владислав Вокал БС, АМС нима эканлигини, 3G ва 4G тармоқлари ўртасидаги фарқ қандайлигини батафсил айтиб берди. Шу пайтдан бошлаб «қўрқинчли» профессионал атамалар тушунарли ва таниш бўлиб қолди. Аслида, ҳаммаси оддий: БС - бу таянч станцияси, АМС - антенна-мачта конструкцияси, алоқачилар ускуналарни ўрнатадиган минора, шунда телекоммуникация хизматлари кенгроқ ҳудудга тарқалади. Нега юрист буларнинг барчаси ҳақида билиши керак? Чунки рухсат олиш, алоқа воситаларини қонуний рўйхатдан ўтказиш унинг вазифаларига киради. Учинчи авлод частоталари учун эса 4G частоталарига қараганда бироз бошқача ҳужжатлар талаб қилинади. Умуман олганда, телеком компаниясида ишлаганда, ҳамма жойда касбга оид сўзлар эшитилади: йўлакларда, йиғилишларда, ҳатто корпоратив байрамларда ҳам. Сардор атрофлича «ликбез»дан сўнг гап нимада эканлигини тушуниб етди. Ҳозирда шунчалик кўп билим тўплаганки, ҳамкасбларнинг фикрича, собиқ адвокат техник бўлимда ҳам бемалол ишлашга қодир. Ҳеч бўлмаганда у ўзини алоқачи деб ҳисоблашга тўлақонли ҳақли.

Янги жамоада Бахрамов «оммавий» ёрдамни ҳис қилди: «Мен бошқа бўлим ходимларига саволларим билан мурожаат қила бошладим. Ҳамма йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдам берди. Мен учун мослашиш жуда осон кечди. Мен бевосита раҳбарим Татьяна Сахаровага чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Ҳа, у қаттиққўл, талабчан, лекин у ҳар қандай вазиятда ёрдам беради. Компаниядаги биринчи қадамларим Татьяна Николаевнанинг «етаклаши» билан қилинган. Албатта, Beeline – ажойиб жамоа. Мен бу ерда ҳеч қачон жанжал кўрмаганман - ҳамма бир-бирига табассум қилади! Бошқача бўлганида, компанияни анча олдин тарк этган бўлар эдим».

Суд ва иш

Янги ходимларни қўллаб-қувватлаш ҳар доим муҳимдир. Лекин Сардорнинг ўзи «жамоа одами» бўлмаганида, бу ёрдам бермасди. Нисбатан қисқа вақт ичида у жуда кўп одамлар билан танишди — энди у ҳар бир Beeline Uzbekistan ходимининг исмини билади. Очиқ, сезгир ва ижобий, ажойиб юмор туйғуси билан у ҳар қандай масалаларни — компания ичида ҳам, давлат органлари билан ишлаш жараёнида ҳам муваффақиятли ҳал қила олади. Ва бу, алоқа операторларининг юристлари кўп қийинчиликларни енгиб ўтишлари, баъзан — судда компания манфаатларини ҳимоя қилишлари керак бўлади. Лекин, шунда ҳам Сардор Бахрамовнинг ижобий муносабати ва шубҳасиз профессионаллиги ўз натижасини кўрсатди. Натижада, бош маслаҳатчи бор-йўғи бир йилдан сўнг эксперт-юристконсульт лавозимигача кўтарилди.

– Турли суд жараёнларида ғалаба қозонганимдан, корхонада мунтазам текширувлар ўтказиш жараёнида ижобий қарорларга эришганимдан жуда фахрланаман, – дейди Сардор. – Ҳозирда кўплаб қизиқарли янги лойиҳалар мавжуд. Биз метрода тармоқни ишга тушириш, 5G тармоғини ишга тушириш бўйича музокараларда иштирок этмоқдамиз. Ишончим комилки, орадан йиллар ўтиб, мен ҳам шу ишда иштирок этганимни фахр билан эслайман. Гарчи Beeline’да сиз кўп нарсага тезда кўникасиз. Аввалига биз туфайли мобил алоқа қайсидир тоғли ёки чекка ҳудудда пайдо бўлганида хурсанд бўлганимни эслайман, лекин ҳозир бу мен учун одатий ҳол. Албатта, тармоқ қурилиши техник мутахассислар томонидан амалга оширилади, лекин давлат идоралари билан музокаралар олиб бориш, ускуналарни ўрнатишдан олдин ҳал қилинадиган барча масалалар бизнинг ишимиздир».

Мукофотлар нима учун берилади?

Сардор Бахрамовнинг барча профессионал ютуқларига қарамай, компаниянинг олтин мукофоти унинг учун кутилмаган ҳодисага айланди. Рости ҳам: атига бир неча йил ишлаб туриб - жамоада мингдан ортиқ одам бўлганда, еттита энг яхши ходимлардан бирига айланиш! Бироқ, бу танлов нафақат «ишдаги жараёнлар» билан изоҳланади. Сардорнинг ҳаётий шиори «ҳар доим «ҳа» деб жавоб бериш». Унинг расмий вазифаларига кирадими ёки йўқми, у кимгадир ёрдам беришни рад этмаган. Гарчи бунинг учун унга яна «илм-фан гранитини кемириш» керак бўлса ҳам, Сардор учун ўз зиммасига янги вазифалар олиши, илгари ўрганилмаган, ҳуқуқшуносликнинг янги қирраларини ўрганиши муҳимроқдир. Доимий равишда ўз-ўзини такомиллаштиришга интилиш эса мукофотга лойиқ бўлган сифатдир.

Компаниянинг унга берган юксак баҳоси Сардорнинг олға интилишини давом эттиришига сабаб бўлди: «Менинг меҳнатим қадрлангани жуда ёқимли бўлди. Аммо мен: «Мукофотни олди ва энди бўшашди» деган аҳволда бўлишни истамайман. Шунчаки, энди мен енгишим керак бўлган чўққи яна бир поғонага кўтарилди.»

Ҳаёт қувончга тўлганда

Ажабланарлиси шундаки, кўп турли хил вазифалар ҳақиқатан ҳам Бахрамов бир вақтларда адвокатлик амалиётини тарк этишга сабаб бўлган «нормаллаштирилган иш куни» давомига сиғади. Муваффақиятли иш энди шахсий ҳаётга халақит бермайди.

Сардорнинг жажжи ўғли улғаймоқда, у билан ҳар кунлик сайрларининг вақти ҳам узайди. Унинг вақти энди хобби учун ҳам етарли – Сардор ўз қўли билан билагузуклар ва тасбеҳлар ясашни яхши кўради. Унинг уйида бутун бир қуён фермаси ҳам мавжуд. «Менинг қирққа яқин қуёнларим бор, улар шунақа чиройлики - сиз уларни албатта силаб кўргингиз келади! Айниқса, қуёнларнинг насл ва зотларини тушунувчилар баҳолай олишади, – дейди Сардор. «Уларни парваришлаш кўп вақт олади. Агар қуёнлар касал бўлиб қолишса, мен ўзим укол қиламан, даволайман, чунки уларга қачон қандай дори бериш кераклигини билиш керак. Уйга қайтиб, қафасларни очиб, қуёнларимга қараганимда – ҳар қандай чарчоғим кетади».

«Иш қувонч келтирса, нақадар ажойиб!» - дейди Сардор Бахрамов. У билан яқинроқ танишганингизда тушунасиз: унинг ўзи – Beeline Uzbekistan жамоасига, тасбеҳларини ҳадя қилган дўстларига, оиласига қувонч бағишлайди. Ва ҳатто қуёнларига ҳам!

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг